Ўзбекистон | 07:49 / 22.07.2020
4261
3 дақиқада ўқилади

Тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 29,5 фоизгача ўсган

Жорий йилнинг январь–июнь ойларида ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 4,8 млрд доллар, шу жумладан, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар 3,2 млрд, давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар 1,6 млрд АҚШ долларини ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, асосий капиталга киритилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,6 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилдаги шу кўрсаткичга нисбатан 1,2 маротаба ўсиш кузатилган. Тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 29,5 фоизгача ўсган.

Ҳисобот даврида 494 та лойиҳа ишга туширилган: 28 та йирик ишлаб чиқариш корхонаси ва 466 та ҳудудий аҳамиятга эга саноат объектлари.

Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни киритиш бўйича Россия, Хитой, Германия ва Туркия давлатлари етакчилик қилмоқда, республикамиз иқтисодиётига инвестиция киритган мамлакатларнинг умумий сони 37 тани ташкил этмоқда.

Кўриб чиқилаётган даврда электротехника саноати (2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш — 13 баробар), қурилиш материаллари ишлаб чиқариш (ўсиш — 3,6 баробар), АКТ (ўсиш — 3,5 баробар) соҳалари инвесторлар учун энг жозибадор бўлмоқда. Озиқ-овқат саноати (ўсиш — 1,5 баробар), кимё (ўсиш — 1,3 баробар) ва тўқимачилик саноати (ўсиш — 1,6 баробар) ҳам яхши ўсиш динамикасини намойиш этган.

Шу билан бирга, минтақавий аҳамиятга молик лойиҳаларга тўғридан тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни жалб қилишнинг ўсиш тенденцияси мустаҳкамланди ва ҳисобот даврида 2 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 1,05 баробарга ошган. Умумий сумманинг 1,6 млрд доллари асосий капиталга йўналтирилган. Ҳудудий лойиҳалар доирасида инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий ҳажмининг 62,3 фоизини ташкил этган.

Вилоятлар кесимида 2020 йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўсишининг энг юқори динамикаси Наманган (1,6 баробар), Тошкент (1,6 баробар), Қашқадарё (1,5 баробар) ва Сирдарё (1,4 баробар) вилоятларида кузатилган.

«Умуман олганда, 2020 йил охирига қадар 2 мингдан ортиқ ижтимоий, инфратузилмавий ва саноат объектлари, шу жумладан 206 та янги йирик ишлаб чиқариш объекти, 240 та ҳудудий аҳамиятга эга ишлаб чиқариш объекти ҳамда 1,6 мингга яқин ижтимоий ва инфратузилмавий объектлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид