Дарсликларни янгилаш бўйича жамоатчиликдан 8 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди – Республика таълим маркази
Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, «Darsliklarga taklif – 2020» боти ва «Darslikka kelgan takliflar» телеграм гуруҳи орқали дарсликларни янгилаш бўйича жамоатчиликдан 8 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган.
«Бугунги кунда дарсликларни яратишда таълим муассасалари ўқувчилари, ўқитувчилари ва ота-оналари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикри муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда режа асосида нашрга тайёрланаётган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг мазмуни, дизайни ва сифатини янада яхшилаш ҳамда такомиллаштириш юзасидан Республика таълим марказида «Darsliklarga taklif – 2020» боти ва «Darslikka kelgan takliflar» телеграм гуруҳи ташкил этилди. Шу телеграмм каналлари орқали келиб тушаётган таклифлар дарслик муаллифларига етказилмоқда, мақбуллари дарсликлар мазмунига сингдириб борилмоқда.
Ҳозирга қадар Республика таълим марказига фойдаланувчиларимиз томонидан 8000 дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар Марказнинг фан методистлари томонидан ўрганиб чиқилиб, дарсликларни даврийлик асосида нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда. Дарсликлар юзасидан келиб тушган таклифларга мутахассис ҳамда методистлар томонидан тайёрланган жавоблар фойдаланувчиларга юборилмоқда.
Шунингдек, «Дарсликлар муҳокамаси» телеграмм каналига жорий йилда янги ва қайта нашр этиладиган дарсликларнинг ПДФ нусхалари босқичма-босқич қўйиб борилмоқда. Бугунга қадар бу каналимизга 225 дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Таклифларнинг асосий қисми дарслик мазмуни, бир қисми дарслик дизайни ҳамда дарсликдаги имло хатолар тўғрисида бўлиб, ушбу таклифлар дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда.
Пировардида, дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар шубхасиз дарсликларни мазмунан такомиллаштиришга янги туртки беради. Бу эса, сифат жиҳатдан янгиланган дарсликларни яратишда, Республика таълим маркази билан кенг жамоатчилик ўртасидаги самарали алоқани таъминлашга хизмат қилади», дея Шуҳрат Сатторовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилмоқда. Бунинг учун амалиётчи ўқитувчилар ҳамда фан методистлари ҳамда салоҳиятли олимлар томонидан дарсликлар бир неча бор экспертизадан ўтказилган. Экспертиза хулосалари асосида эса дарсликлар муаллифлари, нашриёт ходимлари ҳамда фан методистлари ҳамкорлигида дарсликлар қайта ишланиб, мазмуни ва иллюстрацияларига тегишли ўзгартиришлар киритилган.
«Бугунги кунда қайта нашрга тавсия этилган иллюстрацияси эскириб кетган, ёрқин рангларда бўлмаган, чизилган расмлар ўзининг жозибадорлигини йўқотган дарсликларни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу йилги чоп этиладиган дарсликлар қайта нашрдаги дарсликлар бўлганлиги сабабли асосий урғу дарсликларнинг мазмуни ва дизайнига қаратилди.
2020-2021 ўқув йили учун чоп этилиши режалаштирилган дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнидаги ўзгаришлар, киритилаётган янгиликлар РТМнинг ишлаб чиқариш йиғилишларида муҳокама қилиб борилмоқда.
Карантин пандемияси даврида дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнида фан методистлари, дарслик муаллифлари ҳамда нашриётлар фаолияти масофадан ташкил этилиб, кўпроқ дарсликларнинг электрон ПДФ вариантларидан фойдаланилмоқда.
2020-2021 ўқув йилида чоп этиладиган дарсликларга киритилган ўзгаришлар қуйидагилар ҳисобланади.
Биринчи навбатда, ўқувчиларнинг ёши ва психо-физиологик хусусиятлари инобатга олинган ҳолда тайёрланди.
Иккинчидан, дарслик мазмунида мавжуд бўлган такрорланишлар бартараф этилди, халқаро тажрибага суянган ҳолда дарсликнинг дизайни ва фото-иллюстрацияларига ўзгартиришлар киритилди.
Эътиборли ҳолат – фанлар кесимида фанлараро боғлиқлик ҳамда синфлараро узвийлик таъминланди.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш бўйича дарсликлар мазмунига халқаро баҳолаш дастури ўқувчилар ёшига мос тарзда PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.
Энг муҳими, дарсликлар инновацион ёндашув асосида тайёрланди. Бунда ўқувчиларни мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйинлар, машқлар, масалалар ва топшириқларга урғу берилди.
Қолаверса, 4-, 5-синф Технология ва 5-, 8-, 9-синф Информатика дарсликлари мазмуни ўқувчиларда креатив, мантиқий фикрлашга йўналтирувчи топшириқлар билан бойитилди. Бу STEAM технологиялари талаблари асосида амалга оширилди», дейди Шуҳрат Сатторов.
Қайд этилишича, дарсликлардаги мавзуларни қўшимча маълумотлар билан бойитиш мақсадида дарсликларга QR-код ўрнатилмоқда. Таълим қардош тилларда олиб бориладиган мактаблар учун 5-синф адабиёт дарсликларига ўзбек ва жаҳон адибларининг ҳаёти ва ижодидан намуналар киритилгани ҳам дарсликлардаги янгилик ҳисобланади.
Мавзуга оид
09:30 / 11.09.2022
Янги дарсликлар борасида икки йиллик меҳнат пучга чиқмаслиги керак — РТМ директори билан суҳбат
16:02 / 08.09.2022
Республика таълим маркази раҳбари янги дарсликка тадбиркор Мурод Назаров ҳақида маълумот қўшилганига изоҳ берди
21:35 / 06.09.2022
7-синф ўзбек тили дарслигига Мурод Назаров ҳақида матн киритилганига изоҳ берилди
13:57 / 15.09.2021