«Дарслик – манбанинг «онаси»
«Талаба нафақат устозининг маърузасини эшитади, балки бошқа манбалардан ҳам билим олади. Ўша манбаларнинг «онаси» дарсликдир. Факт шуки, халқаро стандарт билан Ўзбекистонда ёзилаётган дарсликлар ўртасида жарлик ниҳоятда катта. Бунда маблағ, вақт ва ҳафсала каби муаммолар мавжуд.
Хўш, маблағга қўшимча равишда профессор ўқитувчиларга глобал стандартдаги, талабалар учун керак бўлган сифатли китобларни ёзиш учун вақт бериляптими? Улар югур-югур ишлардан ортиб, китоб ёзиш учун тўғри йўналтириляптими, деган саволлар бор. Агар профессорларда сифатли дарслик ёза олиш учун етарлича вақт ва имконият бўлмаса, сифатли дарсликларсиз яна бир авлодни йўқота бошлаймиз.
Японияда университет профессор-ўқитувчилари сифатли дарслик ёзишни ўзининг бурчи деб билади. Аммо бу ерга келиб баъзи ўқитувчиларга маълум керакли китобларни таржима қилайлик, деб таклиф билдирсангиз, бунга пул бериладими, қанча фойда оламиз, деган гапларни эшитаман. Мотивация ўртасидаги фарқ ҳақида гапиряпман.
Агар Ўзбекистонда хоҳ гуманитар соҳа, хоҳ табиий фанлар бўлсин: бакалавр босқичини битирган талабалар хорижга ўқишга кетганидан сўнг камида 6 ой ёки 1 йил юқорида сизга айтган жарликни йўқотиш учун кутубхоналардан чиқмаслиги керак. Сабаби биздаги дарсликлар саёз ёзилади, етарли маълумотларни ўз ичига олмайди, ниҳоятда қисқа ёзилади. Хорижда табиий фанлар бўйича аудиовизуал материаллардан жуда кенг фойдаланилади. Лекин бизда бундай китоблар ниҳоятда кам чиқади. Варақлари оз, шунинг учун талабаларга етарли билимлар берилмайди.
Вазиятни ўнглаш учун биз китобларда билимларга кенгроқ жой беришимиз, янги визуал маълумотлар билан бойитишимиз керак. Бунга эришишнинг ягона оптимал ечими таржимадан бошқаси эмас».
«Йиртқич» журналлар
«Педагог-ўқитувчилар, биринчи навбатда, ўқитишлари, иккинчи ўринда ўз соҳалари бўйича етакчи тажрибалардан бохабар бўлишлари талаб этилади. Бунинг учун эса ўз устида тинмай ишлашлари лозим, яъни илмий мақолалар ёзишлари зарур. Илмий мақола профессор-ўқитувчи ўз устида ишлашлари учун восита ҳисобланади ва шу орқали фан ривожланади.

Университет илмий даражасини ушлаб туриш, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ўз ойлигини сақлаб қолишлари учун Scopus таркибига кириб, тезда чиқиб кетадиган «йиртқич» журналларда мақолалар беришга ҳаракат қилишади. Ўқитувчилар ўзларининг салоҳияти етадиган даражадаги журналларга мақола беришларини таклиф қилган бўлардим. ОТМ илмий кенгаши ҳам уларга шунга яраша талаб қўйишлари тўғри деб ўйлайман.















