Ўзбекистон | 16:46 / 23.07.2020
4240
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ACWA Power билан ҳамкорликда умумий қуввати 1000 МВт бўлган 2та шамол электр станцияси қурилади

Бухоро ҳамда Навоий вилоятларининг Пешку, Ғиждувон ва Конимех туманлари умумий қуввати 1000 МВт бўлган 2 та шамол электр станцияларини қуриш учун танланди.

Фото: minenergy.uz

2019 йилнинг 20 сентябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Энергетика Инвестицион форуми доирасида, Энергетика вазирлиги ва ACWA Power (Саудия Арабистони) компанияси ўртасида қуввати 500 МВт.дан 1000 МВт.гача бўлган шамол электр станцияси қуриш бўйича келишувга эришилган эди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 5 март куни Энергетика вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида Ўзбекистонда умумий қуввати 500 – 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш келишуви имзоланди.

Ушбу келишувларга асосан, мутахассислар томонидан Республика бўйлаб бир қанча ер майдонлари ҳар томонлама ўрганиб чиқилди ва Бухоро ҳамда Навоий вилоятларининг Пешку, Ғиждувон ва Конимех туманлари умумий қуввати 1000 МВт бўлган 2 та шамол электр станцияларини қуриш учун танланди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари деб баҳоланмоқда. У 100 фоиз тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш орқали барпо этилади.

Лойиҳа доирасида инвестор билан электр энергиясини сотиб олиш ва инвестиция шартномалари имзоланади ва натижада 25-30 йил давомида Республикамизни яшил энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилаётган электр энергия билан таъминлаш имконияти яратилади.

Қайд этилишича, ҳозирда танланган ер майдонларида шамол кўрсаткичларини аниқлаш учун юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар томонидан шамол ўлчаш ускуналари (мачталар) ўрнатилмоқда. Ушбу ускуналар 100 метр баландликда бўлиб, шамолнинг тезлиги, йўналиши, давомийлиги ва бундан ташқари об-ҳаво маълумотларни ўлчайди ва сақлаб боради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид