Жаҳон | 12:26 / 23.07.2020
12999
2 дақиқада ўқилади

Россияда икки нафар полициячи Ўзбекистон фуқаросини калтаклаганликда айбланмоқда

Россия Тергов қўмитасининг Приволжск Транспорт тергов бошқармаси Самара вокзалида Ўзбекистон фуқаросини калтаклаганликда гумон қилинган икки нафар транспорт полицияси ходимига қарши жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда минтақа транспорт прокуратураси сайтида хабар берилган.

Фото: tvsamara.ru

Ҳодиса шу йил 15 июль куни содир бўлди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

«Полиция ходимларига айблов қўйилиб, ҳибсга олиш ва шаҳардан чиқиб кетмаслик тўғрисида тилхат топшириш чоралари кўрилди», дейилади баёнотда.

Иш Россия Жиноят кодексининг 286-моддаси 3-қисми «а» бандига биноан қўзғатилган (зўравонлик ёки ундан фойдаланиш билан таҳдид қилиш орқали хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш). Айбланаётган шахслар Россия Ички ишлар вазирлигининг Приволжск транспорт бошқармаси ходимлари экани айтилади.

Таъкидланишича, транспорт полицияси раҳбариятига ходимларнинг иши устидан идоравий назоратни кучайтириш вазифасини топшириш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда икки полиция ходими ҳам ишдан бўшатилди, уларнинг раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.

Жиноят ишини тергов қилиш Россия Тергов қўмитаси раҳбарияти назорати остида турибди.

Вазият билан таниш бўлган манбанинг сўзларига кўра, можаро ҳужжатларни текшириш пайтида юз берган.

«Транспорт полицияси ходимлари Ўзбекистон фуқаросидан ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилишди. Номаълум сабабларга кўра, полициячилардан бири жабрланувчига зарба берган», - деди манба. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид