Ўзбекистон | 19:20 / 23.07.2020
9906
2 дақиқада ўқилади

«Шифокор 1 ойдан бери уйига бормай ишламоқда» - Қобил Турсунов Навоий вилояти аҳолисига мурожаат қилди

Навоий вилояти ҳокими ҳудуд аҳолисига мурожаат қилиб, фуқароларни карантин қоидаларига амал қилишга, вазиятга тўғри баҳо беришга чақирди.

«Бугун ҳар бир навоийликдан ваҳимага берилмаган ҳолда карантин қоидаларига риоя қилишларини сўрайман. Ҳозир шифокорлар ёзнинг жазирама кунларида 3-4 қаватли ҳимоя кийимларида 24 соатлаб ишламоқда. Бундай шифокорларнинг қанчасини мисол қилиб келтириш мумкин.

Масалан, Зарафшон тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими бошлиғи олий тоифали шифокор Галия Тайимбетова шундай фидойилардан бири ҳисобланади. 59 ёшли Галия опа бир ойдан ортиқ вақт мобайнида уйига бормасдан қанчадан қанча одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди», деди Қобул Турсунов.

Вилоят ҳокими мана шундай вазиятда одамлар эҳтиёткор бўлишлари кераклиги, ҳар бир инсонга койка ўринлари етмаслигини эслатди.

«Кўпнинг ичида юраман. Ҳар куни оддий меҳнаткашдан тортиб зиёлигача вакцина қачон яратилишини ва касаллик қачон йўқолишини сўрашади. Лекин мен ҳам улардан касаллик йўқолиши учун ўзлари нима қилишаётганини сўрайман.

«Биз нима ҳам қила олар эдик», деган жавобни эшитаман. Лекин ҳамма ўзини изоляция қилиб, карантин қоидаларига амал қилиши, зиёфатбозликнинг олдини олиши, кераксиз вақтларда кўчага чиқмасликлари мумкин», дея қайд этган вилоят ҳокими.

Мавзуга оид