Ўзбекистон | 19:09 / 23.07.2020
4435
2 дақиқада ўқилади

Узрли сабаб билан тестда иштирок этмаган абитуриентларнинг тўлови қайтарилади – ДТМ

Тест синовларидан сўнг узрли сабабларга кўра имтиҳонда иштирок эта олмаган абитуриентларнинг тўлов пули қайтарилади.

Қабул масаласига бағишланган брифингда кириш имтиҳонларига қатнаша олмаган абитуриентнинг тест синовларида қатнашиш учун қилган тўлов пули қайтарилиши тўғрисидаги саволга жавоб берилган эди.

ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов тест синовларига қатнаша олмаган абитуриент учун ҳам жой, керакли шароит тайёрланиши, назоратчилар бириктирилиши, шунинг учун ҳам қилинган тўлов пули қайтарилмаслигини маълум қилганди.

Давлат тест маркази бу жавобнинг ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин этилган деб ҳисоблаб, ўз расмий каналида муносабат эълон қилди.

«Тест синови учун тўловни қайтариб бериш масаласи бўйича саволга берилган жавоб ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда. Тест синови учун тўловни амалга оширган абитуриентларнинг тўлови ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтарилмайди деган тушунча бутунлай хато.

Мисол учун, дастлаб тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишига рўйхатдан ўтган ва тўловни амалга оширган, кейинчалик эса танлаган таълим йўналишини тўлиқ ижодий имтиҳон бўладиган йўналишга ўзгартирган абитуриентларнинг ёки шу каби тўловни нотўғри амалга оширган абитуриентларнинг тўловлари ҳозирги кунда Давлат тест маркази томонидан абитуриентларга қайтарилмоқда», дейилади ДТМ хабарида. 

Қайд этилишича, тест синовларидан сўнг узрли сабабларга кўра имтиҳонда иштирок эта олмаган абитуриентларнинг тўловлари ҳам қайтарилади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид