«Migrants lives matter» – Москва фуқароси меҳнат муҳожирлари олдида тиз чўкишга чақирди
Москвалик Александр Андриянов «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Migrants lives matter» (Мигрантлар ҳаёти аҳамиятли) номли ижтимоий ҳаракати бошлаганини эълон қилди.
У кўчада МДҲ давлатларининг биридан келган ва махсус иш кийимда бўлган меҳнат муҳожирининг олдида тиз чўкиб, унинг оёқ кийимларини тозалаган ҳамда жараённи видеога олиб, ўз саҳифасига жойлаган. Постга «Меҳнат муҳожирларига мана шундай муносабатда бўлишимиз керак» деган ёзув илова қилинган.
Видеода Андриянов «Migrants lives matter» (мигрантлар ҳаёти аҳамиятли) ёзувли футболкада бўлган. У шу тариқа АҚШда давом этаётган «Black lives matter» (қора танлилар ҳаёти аҳамиятли) намойишларга пайров тариқасида шиор танлаган.
Андриянов видеода Россиянинг аксарият аҳолиси атрофда яшайдиган одамлар ҳақида ўйламаслигидан шикоят қилади. Унинг фикрига кўра, мамлакатда муҳожирларга иккинчи тоифадаги одамлардек муносабатда бўлишади: улар таҳқирланади, доимий текширувлар билан қийноққа солинади ва иш ҳақлари тўланмайди. Андрияновнинг сўзларига кўра, кўча тозалайдиган, озиқ-овқат етказиб берадиган ва уй қурадиган одамлар антисанитар шароитда ва ифлос казармаларда яшашга мажбур бўлмоқда.
«Одамларни руслар, ўзбеклар, америкаликлар, японлар деб ажратиш керак эмас. Шунчаки Ер сайёрасида яшовчилар бор деб фикрлаш, барчага тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши керак. Ҳамма ҳурмат қилишга муносиб», дейди Андриянов.
Андрияновнинг пости остига кўплаб интернет фойдаланувчилари изоҳ қолдирган ва уларнинг аксарияти ушбу фаолнинг ташаббусини қўллаб-қувватламаган. Шарҳ қолдирганлар Андрияновни «сиёҳдон» деб атаган ҳамда АҚШга қул сифатида олиб келинган қора танлилардан фарқли равишда меҳнат муҳожирлари пул ишлаш учун Россияга ихтиёрий келишини ва қилган меҳнатига яраша ҳақ олишини айтишган.
Мавзуга оид
19:24 / 27.10.2024
Москвада хорижлик мигрантлар учун патент нархи қарийб 20 фоизга ошади
12:56 / 25.10.2024
Германиянинг Москвадаги элчиси РФ ТИВга чақирилди
12:12 / 28.09.2024
Москвада 72 ёшли америкалик ёлланма фаолият учун судланмоқда
20:08 / 25.09.2024