Тожикистонда тўйлар борасида чеклов яна кучайтирилди
15 июндан бошлаб тожикистонликларга 100 киши билан тўй қилишга рухсат берилганди. Энди тўйлар фақат уйда ўтиши ва меҳмонлар сони 40 нафардан ошмаслиги керак.
Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин, урф-одатлар ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси мамлакатнинг барча вилоят ва туманларидаги давлат идораларига тўй маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги қоидаларни юборди.
«Азия-Плюс»нинг хабар беришича, Тожикистонда тўйларни ўтказиш чекланмайди, фақат ҳукуматнинг коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича берган кўрсатмаларига мувофиқ тўйлар энди тор доирада, хонадонларнинг ўзида чекланган меҳмонлар иштирокида ўтказилади. Тўйхоналарда тўй ўтказиш тақиқланади.
Янги қоидаларга кўра, тўйларда фақат яқин қариндошлар қатнашиши мумкин ва уларнинг сони 40 кишидан ошмаслиги керак.
Тожикистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан апрель ойидан бошлаб тўй маросимларини ўтказиш тўхтатилган эди. Кейинчалик 15 июндан 100 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ва карантин қоидаларига риоя қилиш шарти билан тўй маросимларини ўтказишга рухсат берилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда айни дамда тўй маросимларини ўтказиш мумкин эмас. Бу чеклов камида 1 августгача давом этади. Президент махсус комиссиянинг карантинни узайтириш бўйича таклифини қабул қилгани инобатга олинса, тўйларни ўтказишга камида август ойининг иккинчи ярмигача рухсат берилмаслиги мумкин. Бунгача фақат «яшил» ҳудудларда 30 кишилик тўй қилишга рухсат берилганди. Бугунги кунда эса бутун мамлакат «қизил» ҳудудга айланган.
Мавзуга оид
13:32 / 04.07.2024
Тожикистондаги ЙТҲда уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди
10:41 / 29.06.2024
Сурхондарё ва Фарғонада Тожикистондан олиб келинган 25 кгдан ортиқ гашиш мусодара қилинди
19:09 / 24.06.2024
Тожикистонда тўй ва дафн маросимларини ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди
19:01 / 22.06.2024