Жаҳон | 09:37 / 26.07.2020
25381
2 дақиқада ўқилади

КХДРда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат бўйича гумон қилинмоқда, бир шаҳар карантинга олинди

Коронавирус Шимолий Кореяга кириб келган бўлиши мумкин - ҳукумат мамлакатда илк марта коронавирусга чалингани гумонланаётган шахс ҳақида хабар берди.

Фото: Kyodo / Reuters

Марказий телеграф агентлиги (КМТА) ахбротига кўра, эҳтимолий бемор КХДР чегарасини «ноқонуний кесиб ўтган». Қайд этилишича, гумонланувчи уч йил олдин мамлакатдан чиқиб кетган қочоқ бўлиб, у 19 июль куни Жанубий Кореядан чегарадаги Кэсон шаҳрига келган. Унинг тести натижаси ноаниқ натижа берган. Айни вақтда бемор қатъий карантинга жойлаштирилган, у билан алоқада бўлганлар аниқланмоқда.

Кэсонда карантин режими жорий этилган, ҳукумат шаҳардаги тумаларни бир-биридан алоҳидалаган.

Ҳодиса муносабати билан КХДРда ҳукмрон Меҳнат партияси Сиёсий бюросининг фавқулодда йиғилиши чақирилган. Унда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этган.

Шимолий Кореянинг расмий статистикасига кўра, мамлакатда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Март ойи охирида КХДР махфий равишда эпидемия билан курашда ёрдам сўрагани ҳақида хабар тарқалганди. Хабарларда Пхеньян халқаро ҳамжамиятга инфекцияни аниқлаш тестлари ўтказишда ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилганди. Жанубий Корея нашрлар, КХДРда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолатлар 2020 йил февраль ойидаёқ қайд этилгани ҳақида ёзган.

Worldometer маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 16 миллиондан ошган. Шунингдек, 648 мингдан ортиқ киши вирус қурбони бўлган, 10 миллионга яқин киши тузалиб чиққан.

Шу вақтгача КХДРдан ташқари, Осиёдаги яна бир давлат - Туркманистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари расман тасдиқланмаган. Шунингдек, Африкадаги бир неча мамлакат, океандаги Кирибати, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, Палау, Самоа, Соломон ороллари, Тонга, Тувалу, Вануату каби орол мамлакатлар коронавирусдан холи ҳудудлар сифатида қолмоқда.

Мавзуга оид