Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
КХДР чегарадан ўтган қочоқ Covid-19 олиб кирганини маълум қилди. Сеул томони унда вирус бўлмаганини айтмоқда
Шимолий Корея ҳукумати мамлакатда коронавирусдан биринчи касалланиш ҳолати Жанубий Кореядан қайтган қочоқда аниқлангани ҳақида хабар берди. Сеулдагилар эса бу шахс Covid-19'ни юқтириб олган беморлар ва ҳаттоки касаллар билан контактда бўлганлар рўйхатида мавжуд эмаслиги айтишмоқда.
Маълум бўлишича, ушбу шахс 3 йил аввал Шимолий Кореядан қочиб кетган, аммо ўтган ҳафтада ватанига қайтишга қарор қилган.
У Жанубий Корея оролларидан бирида сув оқувчи қувурга кириб олган, кейин эса шимолий қирғоққача тахминан бир ярим километр масофани сузиб ўтган.
Пхеньян ўтган ҳафтада коронавирус юқтиргани гумон қилинаётган мамлакатдаги биринчи одам ҳақида хабар қилиб, унинг Жанубий Кореядан уйига қайтишга қарор қилган қочоқ эканини қўшимча қилганди.
Жанубий Кореядаги чегара хавфсизлиги бўлинмасининг қўмондони шимолий кореялик қочқиннинг сузиб, ўз мамлакатига қочиб кетганига тўсқинлик қила олмаганлиги учун ишдан бўшатилди. Ажабланарлиси шундаки, қочқин мамлакат ҳудудидан чиқиб кетгунга қадар етти маротаба камерага тушиб қолган бўлса-да, қочишнинг уддасидан чиқа олган.
Бунинг ортидан генерал-майор Баек Гёнг-сондан ташқари баъзи офицерларга нисбатан ҳам интизомий тергов бошлангани маълум қилинди.
Жанубий Корея расмийлари мамлакатга уч йил олдин сузиб келган Ким фамилияли 24 ёшли одам яна айни шу шаклда мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлганидан Шимолий Кореянинг ўтган ҳафта қилган баёноти орқали хабар топишди.
Бу одам Шимолий Кореяга қандай қайта олди?
Жанубий Корея мудофаа кучлари вакили 24 ёшли эркакнинг Шимолий Корея чегарасига яқин бўлган Канхвадо оролидан сузиб кетгани ҳақида душанба куни маълум қилди.
У Сариқ денгизга олиб борувчи қувур охиридаги тиконли сим билан ўралган тўсиқ остига тушиб олган ва Шимолий Корея томонга сузиб кетган.
«Биз у яширинган жойни аниқладик, кўринишидан унинг ашёлари солинган сумка ҳам ўша ердан топилди», деди Жанубий Корея полковниги Ким Чун Ра «Ёнҳап» ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Аввалроқ, Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари уч йил аввал қочиб кетган одам 19 июл санасида қирғоқ бўйидаги Кэсон шаҳрига сузиб келгани ва унинг янги коронавирусга чалингани эҳтимоли борлиги ҳақида хабар берганди.
Шимолий Корея расмий нашрлари мамлакат раҳбари Ким Чен Ин шошилинч ўтказилган йиғилишда вирусга қарши курашнинг энг самарали тизимини яратишни буюргани ҳақида хабар берди.
Жанубий Корея қочоқ ҳақида нима демоқда?
«Жанубий Корея соғлиқни сақлаш расмийларининг таъкидлашича, ушбу шахс Covid-19 касаллиги билан рўйхатга олинмаган ва беморлар билан алоқада бўлганлиги аниқланмаган», деди соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили.
Қочоқ билан яқин алоқада бўлган икки киши вирусга текширилди ва ҳар иккала ҳолатда ҳам манфий натижа қайд этилди.
Жанубий Корея Хитойдан кейин эпидемия тарқалган иккинчи давлат бўлганди. Бироқ, мамлакатда беморлар контактларини кузатиш тизими яратилган ва вирус тарқалиши жиловланди.
50 миллион аҳолига эга бўлган ушбу мамлакатда кунига ўртача 50 нафар янги ҳолатлар қайд этилмоқда. Кўпчилик чет элда касалланяпти ва шунинг учун ўз ватанига қайтган фуқаролар карантинга жойлаштирилмоқда.
Шимолий Корея расмийларининг таъкидлашича, шу пайтгача ярим оролнинг уларга тегишли қисмида Covid-19 инфекцияси ҳолатлари кузатилмаган. Таҳлилчилар томонидан эса бу даъволар ишонарсиз деб баҳоланган.
Шимолий Кореялик қочоқларнинг уйга қайтиш ҳолатлари кўп кузатиладими?
Шимолдан Жанубий Кореяга қочиб ўтган шахсларнинг КХДРга қайтишга қарор қилиши камдан кам кузатилади. Жанубий Корея бирлашиш вазирлигининг BBC'га маълум қилишича, 2015 йилдан бери бу каби атиги 11та ҳолат қайд этилган.
Уларнинг сўнггиси 2017 йилда содир бўлган. Канхвадо оролидан Шимолий Кореяга сузиб кетган киши ўн иккинчи бўлиши мумкин.
Таҳлил
Субин Ким, BBC, Сеул
Гарчи расмий баёнотларда қочқин шунчаки янги коронавирус ташувчиси сифатида гумонланаётгани айтилган бўлсада, Пхеньян урғуни бу ҳолатда ташқи дунёни, хусусан, Жанубий Кореяни айблашга қаратмоқда.
Аммо, мавжуд маълумотларга кўра, чегарани ноқонуний кесиб ўтган қочқин чиндан ҳам вирусдан зарарлангани шубҳали.
Жанубий Корея ҳукумати унда вирус бўлганини рад этмоқда, Пхеньян эса аҳолисини оммавий равишда тестдан ўтказишга тайёр эмас.
Экспертларнинг ҳисоблашича, Шимолий Корея ҳукумати аҳолисини вирус туфайли келиб чиқадиган қийинчиликларда ташқи кучлар айбдор эканига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатда коронавирус кенг тарқалмаганда ҳам ушбу мамлакат иқтисодиёти коронавирус пандемияси давридаги қатъий чоралар (масалан, Хитой билан чегара ёпилган) туфайли қаттиқ жабр чекмоқда.
Пхеньян бу ҳолатдан Сеулдан ёрдам олишда фойдаланиши мумкин: шимолликлар дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилишини талаб қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
09:03 / 27.05.2026
Шимолий Корея бир нечта турдаги ракеталарни синовдан ўтказди
20:01 / 01.03.2026
Ахлоққа зид ва ноқонуний. Россия, Шимолий Корея ва Хитой Хоминаийнинг ўлдирилишини қоралади
15:55 / 13.02.2026
Ким Чен Ин қизини ворис сифатида танлаб бўлган – Жанубий Корея разведкаси
21:21 / 26.12.2025