Жамият | 22:40 / 27.07.2020
26479
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда инспектор томонидан тўхтатилган ҳайдовчи ўз ҳужжатларини йиртиб ташлади

Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) томонидан 25-26 июль (шанба-якшанба) кунлари ўтказилган рейд тадбирларида қонунбузарликка йўл қўйиш ҳолатлари аниқланди.

Айнан шу кунлари Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатномаси бор ёки махсус рухсатномасиз юриш ҳуқуқига эга бўлган автомашиналардан ташқари барча транспорт воситалари ва йўналишсиз таксилар ҳаракати тақиқланган эди.

Ўтказилган рейдларда қонунбузарликка йўл қўйган фуқаролар аниқланди.

Жумладан, Хива туманида «Ласетти» русумли автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар ва махсус рухсатнома сўралган. Шунда у ҳайдовчилик гувоҳномасини берган, аммо бошқа ҳужжатларни йиртиб ташлаган.

ЙҲХБ эълон қилган видеода ҳайдовчининг: «Мени видеога оляпсанми, мана қара, мана «доверенность» шу машинаники. Машинани бериб юбораман, қамаб қўяверсинлар», дея ҳужжатларни йиртиб ташлаганини кўриш мумкин.

Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашина вақтинчалик жарима майдончасига қўйилган.

Кейинги лавҳада «Матиз» русумли автомашинанинг уй устунига келиб урилган ҳолатини кўриш мумкин.

Баён қилинишича, «Матиз» ҳайдовчиси ЙҲХБ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмаган ва ҳаракатланишда давом этган.

Инспекторлар уни қувиб етганида, автомашинадан тушган. Ундан ҳужжатлар сўралганида, автомашинани бошқарганини тан олмаган.

«Мен бу автомашинани ҳайдамадим, бу меники эмас. Агар ҳайдаган бўлсам, гуноҳ менда бўлса, майли жазоланг. Менда автомашина калити йўқ, мен буни ҳайдамадим. Мен шу жойда пиво ичиб ўтирган эдим», – дейди у лавҳада.

Баён қилинишича, ҳайдовчининг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келгани сабабли тиббий кўрикка таклиф қилинган. Унинг натижасига кўра, спиртли ичимлик ичгани тасдиқланган. Транспорт воситаси эса вақтинчалик жарима майдончасига қўйилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид