Жаҳон | 21:55 / 28.07.2020
8116
2 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс АҚШда коронавирусга олинаётган таҳлилларнинг аксариятини бефойда деб атади

АҚШда коронавирус бор-йўқлигини текшириш учун олинаётган таҳлилларнинг аксарияти уларнинг натижалари берилиши бир неча кунга чўзилаётгани сабабли бефойда ҳисобланади. Бундай фикрни Microsoft асосчиси Билл Гейтс CNBC телеканалига берган интервьюсида билдирди. 

Фото: EPA-EFE

Гейтснинг таъкидлашича, АҚШда таҳлиллар олиниши ва уларнинг натижалари берилиши орасидаги вақт ўртача 48 соатдан кўпроқни ташкил қилмоқда. “Бундай таҳлил вақт ва маблағнинг тўлиқ йўқотилиши ҳисобланади. Биз кўплаб таҳлиллар ўтказаётганимиз ҳақидаги маълумотларнинг катта қисми беҳуда гаплар ҳисобланади”, деб айтган Гейтс. 

Телеканалнинг баҳолашича, АҚШдаги лабораторияларга катта юклама тушаётгани сабабли, улар одамларга коронавирусга топширган таҳлиллари натижаларини бир неча кун, ҳафта ёки ундан кўпроқ вақтдан кейин маълум қилмоқда. “Бирор киши натижаларини 3 ёки 7 кундан кўпроқ вақт кутишга тўғри келадиган тест учун 1 доллар ҳам  тўламаслиги керак”, деб таъкидлаб ўтган миллиардер. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашувда одамлар вирусга чалинганликларидан жуда кеч хабар топишади, тегишли чоралар кўришмайди ва вирусни тарқатишда давом этишади.

Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинда 50 млрд долларга яқин маблағга эга хайрия жамғармасига эга бўлиб, ушбу жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига ривожланаётган давлатларда хавфли касалликларга қарши курашиш, АҚШда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги дастурлар киради. Айни вақтда ушбу жамғарма орқали коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш ва аҳолининг энг ночор қатламларини пандемия вақтида қўллаб-қувватлашга 300 млн доллар ажратилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид