Ўзбекистон | 21:42 / 28.07.2020
3146
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар ҳукуматдан мева-сабзавотлар экспорти бўйича қилинаётган ишлар ҳисобини сўрайди

Депутатлар пандемия даврида аҳоли томорқаларида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, тайёрлаш, сақлаш ва бошқа логистика хизматларини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳукумат аъзоларига саволлар юбориш таклифини маъқуллашди, деб хабар бермоқда қуйи палата ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 28 июль куни ўтказилган Қонунчилик палатаси кенгашининг навбатдаги йиғилишида сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар томонидан парламент қуйи палатасида ўтказилиши режалаштирилаётган навбатдаги «Ҳукумат соати»да муҳокама қилиш таклиф этилган масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Йиғилишда бугунги пандемия шароитида аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланган.

«Муҳокамалардан сўнг кенгаш аъзолари томонидан Экологик партия фракцияси ҳамда қуйи палатанинг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси илгари сурган таклиф – пандемия даврида аҳоли томорқаларида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, тайёрлаш, сақлаш ва бошқа логистика хизматларини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан Ҳукумат аъзоларига саволлар юбориш таклифи маъқулланди», дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид