Ўзбекистон | 15:06 / 01.11.2016
13511
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон савдо уйлари янги бозорларни ўзлаштирмоқда

Фото: © РИА Новости

«Ўзагроэкспорт» компанияси Ўзбекистон Республикасида етиштирилган янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун кенг қамровли ишлар олиб бормоқда. Хусусан, янги бозорларни топиш, мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан чет давлатларда қўшма савдо уйлари ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Хусусан, жорий йил сентябрь-октябрь ойларида Россия Федерацияси ҳудудида тўртта, Қозоғистонда иккита савдо уйи ташкил этилди. 

«Ўзагроэкспорт» компанияси Кун.уз сайтига маълум қилишича, ушбу савдо уйларига ташкил этилганининг биринчи ҳафтасида 500 минг АҚШ долларига яқин мева, сабзавот, полиз ва узум маҳсулотлари юборилган. 

Шу билан бирга, харидорлар сонини ошириш ва Ўзбекистонда етиштирилган янги ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинувчи мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш мақсадида, «Ўзагроэкспорт» АЖ вакиллари жанубий ва жанубий-шарқий Осиё, шунингдек, Форс кўрфази мамлакатлари, жумладан Ҳиндистон ва БАА, Индонезия, Малайзия ҳамда Шри-Ланкага сафар қилишган. 

Ўзбекистон далаларида етказилган маҳсулотларни импорт қилишга қизиқиш билдирган хорижий компаниялар вакиллари билан ўтказилган учрашувларда 10 минг тонна маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган. 

Амалий ташриф чоғида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва қўшма савдо уйлари ташкил этиш масалалари муҳокама этилган. Бу эса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижий давлатларга кўпроқ экспорт қилиш ҳамда ўша мамлакатлар фуқароларини сифатли сабзавот, мева ва дуккакли дон маҳсулотлари билан арзон нархларда таъминлаш имконини беради.
 

Мавзуга оид