Ўзбекистон | 20:28 / 28.07.2020
28244
12 дақиқада ўқилади

ДТМ Kun.uz’да эълон қилинган интервьюга муносабат билдирди. Муносабат янги саволлар туғилишига сабаб бўлди

Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

26 июль куни Kun.uz мухбири таълим дастурлари, педагогика ва тестология бўйича эксперт Комилжон Жалилов билан интервью ташкил қилди ва киритилаётган ушбу янги тизим бўйича пайдо бўлаётган бир қатор саволларга жавоб олди.

Жумладан, эксперт интервью давомида ўзи ҳам киритилаётган янги тизимни ёқлашини айтиб, эндиликда ўқувчилардаги ортиқча стрессларнинг олди олиниши ҳамда мактаб битирувчилари билимини объектив солиштириш имкони пайдо бўлаётгани ҳақида гапирди.

Комилжон Жалилов ўз фикрида давом этар экан, шунингдек, янги тизимнинг келгусида бўй кўрсатиши мумкин бўлган қатор муаммоли жиҳатларини ҳам таъкидлаб ўтди. 

Унга кўра, янги тизимда тест синовларини ўтказишга масъул ташкилот – Давлат тест марказининг тест саволларини (тестологияда, яъни баҳолаш ҳақидаги фанда «тест топшириқлари» дейилади) тузишга бўлган ёндашуви тизимдан кутилаётган натижага тўла эришиш имконини бермаслиги ҳам мумкин.

«Шу соҳа мутахассиси сифатида менда шундай таассурот пайдо бўлдики, Давлат тест маркази учун тест топшириқларининг тестологияда қабул қилинган талаблар, стандартларга жавоб бериши, уларнинг валидлиги, ишончлилиги – ўнинчи, борингки, йигирманчи даражадаги масала. Асосийси – жараённи «силлиққина» ўтказиб олиш ва ҳисобот бериш: «шунча абитуриент қатнашди, ўртача балл шунчани ташкил этди». Бироқ тест топшириқларининг яратилиши, апробациясидан бошлаб, тест натижаларининг қайта ишланиши ва эълон қилинишигача – бирон-бир босқич тестологиянинг ҳатто энг оддий талабларига жавоб бермайди», – деган эди эксперт.

Мазкур интервью сайтда эълон қилинганидан бир кун ўтиб, Давлат тест маркази ўзининг dtm.uz сайтида эксперт ва журналистга нисбатан эътирозли муносабатини баён қилди.

«Афсус билан эътироф этамизки, бу каби фикрларни юртимиз оммавий ахборот воситалари ичида катта обрўга эга сайтда беришдан аввал, бевосита фаолияти танқид қилинаётган муассаса билан боғланиш, реал ҳолат билан танишишдек журналистиканинг энг муҳим тамойили ҳисобга олинмади.

Давлат тест маркази томонидан ўтказилган апробация ва тест синовларининг статистик таҳлиллари, тестология тили билан айтганда, валидация жараёни билан боғлиқ ҳисоботларнинг матбуотда эълон қилинмагани бу борада илмий тадқиқотлар олиб борилмаслигини англатмайди. Ваҳоланки, тестология, педагогик ўлчовлар ва илмий-методик бўлим томонидан мунтазам равишда тест топшириқлари апробацияси натижалари классик ва замонавий тест назариялари бўйича таҳлил қилинади ҳамда тест топшириқларини ривожлантириш бўйича керакли тавсиялар бериб борилади. Бу борада Давлат тест маркази мутахассислари Буюк Британия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Германия, Қозоғистон каби давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Шунингдек, Россия Федерациясининг Педагогик ўлчовлар федерал институти (ФИПИ) билан бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, журналист ва унинг суҳбатдоши эътиборига авваллари ҳам эълон қилиб келинаётган статистикалардан бирини расман келтириб ўтамиз», – дея бир қатор статистика ва таҳлиллар келтириб ўтилган ташкилот муносабатида.

Албатта, Давлат тест маркази томонидан интервьюнинг ўзига боғлиқ қисмига нисбатан тезкорлик билан муносабат билдирилиши ижобий ҳолат, аммо бу муносбатда қатор тушунмовчилик ва ноаниқликлар ҳам борки, улар юзасидан соҳанинг мустақил экспертлари Комилжон Жалилов ҳамда Тошкент давлат Вестминстр университети катта ўқитувчиси Эркин Муҳаммедов билан навбатдаги суҳбатни уюштирдик.

Комилжон Жалилов, Таълим дастурлари, педагогика ва тестология бўйича эксперт:

Давлат тест марказида тест топшириқларининг статистик таҳлили олиб борилиши қувонарли ҳол, албатта. Фақат берилган статистик таҳлил, назаримда, тестологиядан хабардор мутахассисда бир қанча саволларни туғдирадики, бу саволларга қониқарли жавоб олмасдан туриб, тестларнинг валидлиги ва ишончлилиги ҳақида ижобий хулоса шакллантириш мумкин эмас (кўтарилаётган масалалар умумий гап ёки навбатдаги «инжиқлик» эмаслиги тушунарли бўлиши учун тестология бўйича фундаментар ҳужжатлар ва ишларга ҳаволалар берилди - ишонаманки, улар ДТМ мутахассислари учун янгилик эмас).

1. Тестнинг ишончлилиги валидликнинг муҳим шарти, лекин ягона шарти эмас, яъни тестнинг ишончлилик талабларига жавоб бериши тест натижалари асосида чиқариладиган хулосаларнинг валидлигини билдирмайди.

ДТМ ҳозирги замон тестология фанида қабул қилинган валидликнинг яна қандай далилларини (AERA – APA – NCME Standards, 2014; Newton and Shaw, 2014; Ovendahl, 2011) келтира олади? Хусусан, «Кеча ва кундуз»даги аравакашнинг исми ҳақидаги, «Шум бола»нинг кимга қорхат ёзганлиги ҳақидаги, қайси шаҳарда Бекзод номидаги мемориал боғ барпо этилганлиги, «Файзифильм» киностудияси қачон ташкил топганлиги, тарихий шахсларни ва ҳар хил халқлар илоҳларини расмда таниш билан боғлиқ бир-биридан «ажойиб» тест топшириқларининг (бундай тест топшириқларини ДТМ 2019 йилда чоп этган расмий қўлланмаларда етарлича топиш мумкин) тест хулосалари валидлигига қандай ҳисса қўшишини таҳлил қилиш жуда ҳам қизиқ бўларди.

2. Маълумки, апробацияда олинган натижаларнинг ишончлилиги апробация учун танланма контингентга ҳам боғлиқ (Crocker and Algina, 2008; Kubizsyn and Borich, 2013). Апробацияда қатнашганлар гуруҳи таркиби ва вариативлиги жиҳатдан ҳақиқий тест топширувчилар гуруҳига қай даражада яқин эди?

3. 0,7дан паст бўлган Кронбах алфа бир неча миллионлаб абитуриентнинг тақдирини ҳал қиладиган, бунинг устига, эндиликда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилари фаолиятига баҳо бериш учун асос бўладиган тест учун анчайин паст эмасми (Green, 2013)?

4. Маълумки, Кронбах алфа (тестнинг ички барқарорлиги) тест вариантида айнан қандай тест топшириқлари келганига боғлиқ. Тест вариантлари имтиҳондан олдин компьютерда генерация қилинишини ҳисобга олсак, ҳақиқий имтиҳонда ишлатиладиган тест варианти апробациядаги тест вариантидан фарқ қилади.

Ҳақиқий имтиҳонда ишлатиладиган тест вариантининг алфаси апробацияда олинган кўрсаткичларга яқин бўлишига ишончингиз комилми?

5. Умуман, ҳар қандай йўл билан алфани ҳисоблаш учун тест топшириқлари дисперсиясини ва бутун тест дисперсиясини билиш керак бўлса (Crocker and Algina, 2008), ҳақиқий имтиҳонда ҳар бир тест топширувчи учун индивидуал вариант ишлатилса, ҳақиқий имтиҳонда ишлатилган вариантларнинг алфаси қандай ҳисобланади?

6. Келтирилган статистикага кўра, учта тест топшириғини вариантдан чиқариш ёки қайта ишлаш тавсия этилар экан. Агар бу топшириқлар қайта ишланган бўлса, қайта апробацияда қандай натижалар қайд этилди?

7. Бисерал корреляция тест топшириғининг валидлигини кўрсатишига ишончингиз комилми? Умуман, алоҳида олинган тест топшириғи валид ёки новалид бўлиши мумкинми? (AERA – APA – NCME Standards, 2014; Newton and Shaw, 2014; Crocker and Algina, 2008)

8. Раш модели бўйича тест топшириғи қийинчилик даражасининг -3 ва +3 чегарасидан чиқиши, сизнингча, нормал ҳолатми? (Bachman, 2004)

9. Хўп, тест топшириқлари статистикаси Раш модели асосида ҳам ҳисобланган экан, турли вариантларни ечган абитуриентлар натижаларини солиштириш имкони бўлиши учун уларни шкалалаштиришда қандай модел ёки моделлар ишлатилади? (Koretz, 2008)

10. Кўп вариантли тизимда ишлатиладиган тест вариантларининг ҳақиқатда параллеллиги (тенг кучлилиги) қандай таъминланади? Хусусан, параллел тест вариантларининг дисперсияларига ва бошқа статистик кўрсаткичларига қўйиладиган талабларнинг (Crocker and Algina, 2008) бажарилиши назорат қилинадими?

11. Шундай статистика базадаги барча тест топшириқлари учун мавжудми?

12. Берилган она тили фани бўйича статистик таҳлилда гистограмма ва жадвалдаги маълумотлар бир-бирига мослигига ишончингиз комилми? Техник ёки бошқа турдаги хато ўтиб кетиб қолмаганми?

Давлат тест маркази ҳар қандай оммавий ахборот воситасига ва ҳар қандай журналистга тўғри маълумот бериш тарафдори эканидан хурсандмиз. Фақат, кўриб турганингиздай, тақдим қилинган маълумотлар валидлик ва ишончлилик борасида шахсан менда ДТМга нисбатан ишонч ҳосил қилиш ўрнига янада кўпроқ шубҳа ва гумонларни пайдо қилди. Бунинг учун узр сўрайман, лекин, афсуски шундай. Ва ДТМнинг «раддия»сига сабаб бўлган «ДТМ ўз ёндашуви, иш услубини ўзгартирмаса, таълимда икки имтиҳоннинг бирлашишидан ижобий натижа кутиб бўлмайди» деган фикрни янада мустаҳкамлади. Ўйлайманки, келтирилган статистика тестологияни тушунадиган холис экспертга кўрсатилса, худди шундай (балки, ундан ҳам кўпроқ) саволлар ва шубҳа-гумонлар пайдо бўлади.

Умид қиламанки, ДТМ ОАВ вакилларининг, умуман, таҳлилчиларнинг ва экспертларнинг вазифаси фақат ташкилот берган расмий маълумотларни «ретрансляция» қилиш эмаслигини, ҳар ким давлат органлари фаолиятига нисбатан ўз таҳлилларини бериши мумкинлигини ҳам, бундай таҳлиллар амалдаги қонунчиликка зид келмаслигини ҳам яхши англайди.

Эркин Муҳаммедов, Тошкент давлат Вестминстр университети катта ўқитувчиси. Мутахассислиги бўйича тестолог.

Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги янгиликни ОАВ орқали ўқидим. Кейинчалик бу амалиётнинг ўзига хос «минус» ва «плюс»лари борасида мустақил эксперт билан қилинган интервью билан танишдим.

Сўнгра бу фикрлар юзасидан ДТМ раддиясини ўқидим.

Қувонарли томони шундаки, Давлат тест маркази раддиянинг исботи сифатида она тили фанидан қайсидир номаълум вариант учун статистик таҳлилни келтирибди.

Ўйлашимча, ДТМ нафақат раддия учун, балки ҳар бир фан бўйича ўз сайтида тестларни қайси шаклда валидация қилишини (валидация ҳар хил қилиниши мумкин) манфаатдор томонларга очиқ маълумот сифатида тақдим этиши шарт.

Шунингдек, бу ерда биргина статистик таҳлилнинг ўзи етарли эмас. Жараён илмий адабиётлар орқали ҳам асослаб берилиши керак. Жараённинг илмий талабларга жавоб бермаслиги эса жуда катта муаммоларни туғдиради

Тестнинг валидлик ва ишончлилик даражасини кўрсатувчи ҳисоботлар ва бошқа ўхшаш халқаро тестлар билан солиштириб қилинган тадқиқот натижалари ДТМ сайтида мунтазам чиқарилиб борилиши керак.

Бу ташкилот нуфузига ижобий таъсир кўрсатади.

Тўғри, ташкилот тестнинг махфийлик даражасини ҳам сақлаши керак. Бунда эса намуна сифатида сайтга қўйилган тестлар ёки фаол банкдан олиб ташланган тестлар учун қилинган ҳисоботлардан фойдаланиш мумкин. Ташкилотнинг янада очиқроқ ва шаффоф ишлаши унинг обрўсига ишлайди.

Бир нарсани тушунмайман. Нега Ўзбекистонда хусусий тест ташкилотлари йўқ? Нега бу тизимда ДТМ якка монопол бўлиши керак?

Жаҳоннинг таълим тизими ривожланган давлатларини кўрсангиз, уларнинг бирортасида тест органлари ягона ташкилот эмас. Бизда хусусий тест органлари ҳам ишлаши керак.

Бу борада ДТМ лицензия берувчи бўладими? Йўқ, лицензия бериш ваколати Вазирлар Маҳкамасида бўлиши керак. Чунки у давлат органи ва барча ташкилотларни бирдек назорат қила олади.

ДТМнинг мустақил экспертга ва журналистга нисбатан бунчалик асабий муносабати сабабини рости, тушунмадим. Профессионал бўлган ташкилот иш фаолияти борасидаги фикрларга бунчалик асабий жавоб бермаслиги керак. У тўғри ишлаяптими, демак ишидаги айрим хато ва камчиликларнинг эътироф этилишидан, эслатилишидан қўрқмайди.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Мавзуга оид