Жамият | 14:05 / 14.05.2021
8666
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги мактаблар битирувчиларининг 85 фоизи ОТМга ҳужжат топширмоқчи

Жорий ўқув йилида пойтахтлик битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари юқори бўлиши кутилмоқда.

Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳрида 24 мингдан ортиқ битирувчи олийгоҳларга ҳужжат топширади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фароғат Аҳмаджонова хабар берди.

Фароғат Аҳмаджонова битирувчи ўқувчиларнинг бандлиги масаласига тўхталиб ўтар экан, жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги мактабларда 29 мингдан ортиқ ўқувчи 11-синф битирувчилари эканини маълум қилди. 

«Битирувчилар билан мактабни тамомлагандан сўнг режалаштираётган ишлари ҳақида сўровнома ўтказилди. Сўровнома натижаларига кўра, 24 мингдан ортиқ, яъни 85 фоиз битирувчилар олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдиришди. 1700дан ортиқ ўқувчи касб-ҳунар коллежлари ва техникумларда ўқиш истагини билдирган бўлса, 2000дан ортиқ ўқувчилар мактабни битириб, ишлаш истагини билдиришган. 400дан ортиқ битирувчи хорижда таълимни давом эттириш ва меҳнат фаолиятини ҳам бошлаш ниятини билдирган. Уларнинг 274 нафари эса ҳарбий хизматни ўташ истаги борлигини айтишган.

Шу билан бирга, таълимга тортилмайдиган 57 нафар ногиронлиги бор битирувчилар билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Уларни уй шароитида бўлса ҳам бандлигини таъминлаш ишлари ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилмоқда», дейди Фароғат Аҳмаджонова.

Ўтган йили битирувчиларнинг 36 фоизи ОТМларга ўқишга кирган бўлса, жорий ўқув йилида бу натижа анча юқори бўлиши кутилмоқда. Чунки айни пайтда пойтахт мактабларида 70дан ортиқ ўқувчи муддатидан аввал хориж ОТМларга ўқишга кирган.

2020 йилда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлили юзасидан Тошкент шаҳри республикада 2-ўринни эгаллаган ва Халқ таълими вазири суперконтракт ҳамда янги очилаётган хусусий ва хорижий университетлар қабуллари натижалари бўйича Тошкент шаҳри кўрсаткичида йил якунигача қўшимча ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини айтганди.

Вазир Шерзод Шерматов олий таълим муассасасига биронта ҳам ўқувчиси кирмаган мактаблар сони 2020 йилда 3 баробарга камайиб, 692тани ташкил этаётгани ҳақида маълумот берганди. Маълумот учун, бундай мактаблар сони 2019 йилда 2126та бўлган.

Мавзуга оид