Ўзбекистон | 10:42 / 28.07.2020
15358
3 дақиқада ўқилади

ДХХ Қашқадарёда «жиҳодчилар» гуруҳи фаолиятига чек қўйди

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қарши шаҳрида яшовчи 52 ёшли фуқаро муқаддам «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқимига аъзо бўлганлиги учун 2004-2018 йилларда жазо муддатини ўтаган бўлишига қарамасдан, ўзининг яшаш манзилида 1994, 1996, 1998 йилларда туғилган 3 нафар фарзанди ва 2000 йилда туғилган жияни ҳамда 1974-1998 йиллар оралиғида туғилган 11 нафар маҳаллий фуқародан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этиб, «жиҳодчилар» оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган. 

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, у гуруҳ аъзоларини «ҳижрат» ва «жиҳод» қилишга, Сурия давлатига бориб, «Тавҳид ва Жиҳод катибаси» террористик ташкилотига қўшилишга чорлаган. 

Бундан ташқари, у «Телеграм» мессенжерида «Шаҳидлар» номли гуруҳ ташкил этиб, унга диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш «Абу Салоҳ», «Абдуллоҳ Зуфар», «Содиқ Самарқандий» ва бошқаларнинг «ҳижрат», «жиҳод» ва «шаҳидлик»ка чорловчи аудио-видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишлари олиб борган.

Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида мазкур ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Дастлабки тергов-суриштирув жараёнларида аниқланишича, гуруҳ етакчисининг кўрсатмаси билан унинг аъзолари босқинчилик жиноятларини содир этиш орқали йўл харажатлари учун пул йиғиш, сўнгра Сурияга бориб, террористик ташкилотлар сафига қўшилишни режалаштирган.

Уларнинг яшаш манзилларидан компютер процессори, ноутбук, дрон, флеш-карталар, ДВД дисклар, телефон аппаратлари, диний мазмундаги адабиётлар, шунингдек, бир донадан ўқотар ва пневматик қурол, патронлар ва гильзалар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Таъкидланишича, гуруҳ аъзолари орасида МЧЖ раҳбари ва ишчиси, буюм бозорида сотувчилик билан шуғулланувчи шахслар ҳамда институт талабаси бор.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид