Жамият | 13:38 / 28.07.2020
10418
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусдан вафот этган мигрантлар жасадини олиб келиш тартиби бўйича изоҳ берилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов меҳнат миграцияси даврида вафот этган фуқароларнинг жасадини олиб келиш тартиби бўйича маълумот берди.

АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 713-сонли қарорида меҳнат миграцияси даврида вафот этган фуқароларнинг жасадларини ва хорижда меҳнат фаолияти вақтида оғир тан жароҳати олган фуқароларни бепул асосда Ўзбекистонга олиб келиш белгилаб қўйилган.

Меҳнат мигрантининг жасадини олиб келиш масаласида марҳумнинг яқинлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиаллари ёки унинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин. Бунда зарур ҳужжатлар илова қилиниши керак бўлади.

«Пандемия даврида авиақатновлар чеклангани сабабли Ташқи меҳнат миграциясининг хориждаги ваколатхоналари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик идоралари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан бирга юкни автотранпсорт воситалари орқали олиб келиш жорий қилган. Ҳар бир мурожаат бўйича ташкилий, ҳуқуқий ва логистик масалалар ҳал этилгач, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда юк қабул қилиб олинади.

Шу жумладан, коронавирус натижасида вафот этган марҳумнинг ҳам жасади олиб келиниши мумкин. Бунда жасад марҳумнинг яқин қариндошлари иштирокисиз, тиббиёт ходимлари назоратида диний удумларга амал қилган ҳолда махсус ажратилган ҳудудда дафн этилади», дея Норовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид