Жамият | 12:16 / 29.07.2020
7101
2 дақиқада ўқилади

Андижонда бир гуруҳ оғуфурушлар ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 26 июль куни Андижонда соат 11:00да ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Унинг давомида 26 ёшли Ж.Т. Жалақудуқ тумани Янгисор кўчасида 1 дона оқ рангли целлофан пакетга солиниб қадоқланган ҳолдаги, оғирлиги 370 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 8.000 АҚШ доллари эвазига ўтказаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган. Тадбир давомида Ж.Т.дан кимёвий ишлов берилган 8.000 АҚШ доллар пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, жорий йилнинг 25 июль куни соат 22:00да Ж.Т. 29 ёшли Н.Т. (аёл) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Андижон вилояти Булоқбоши тумани ўрамидаги қўриқланиши заиф бўлган ҳудуди орқали қонунга хилоф равишда Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрига ўтиб, у ердан дастлабки тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Б” исмли шахсдан юқоридаги “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 3.200 АҚШ долларига сотиб олиб, 26 июль куни соат 05:00да қонунга хилоф равишда такроран Ўзбекистон Республикасига кириб келганликлари аниқланган.

Жиноят иши бўйича Т.Ж. ва Н.Т. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланганлар.

Мавзуга оид