Жаҳон | 20:19 / 29.07.2020
4329
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Германиядан 12 минг ҳарбийсини олиб чиқади 

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Германиядан деярли 12 минг америкалик ҳарбийни олиб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда 29 июлда Пентагонда маълум қилинди.

Фото: dpa

Режага кўра, 6,4 минг ҳарбий АҚШга қайтади, яна 5,6 минги Европанинг бошқа давлатларида жойлаштирилади. Европада қолдириладиган америкалик ҳарбийлар асосан Италия ва Бельгияда жойлаштирилиши кутилмоқда. Шунингдек, агар келишувга эришилса, улар Польша ва Болтиқ давлатларига жўнатилиши ҳам мумкин.  

Пентагон раҳбари Марк Эспер қўшинларнинг олиб чиқилиши яқин ҳафталарда бошланиши ва бир неча миллион долларга тушишини маълум қилган.

“EUCOM’нинг жорий режаси НАТОни мустаҳкамлаш, Россияни босиб туришни кучайтириш ва мен таъкидлаб ўтган бошқа тамойилларга мос келадиган ҳолда Германиядан 11,9 минг ҳарбийни олиб чиқишни кўзда тутади”, деб айтган Эспер Вашингтондаги брифингда.

Шу тариқа, Германиядаги америкалик ҳарбийлар сони 36 мингдан 24 минггача камайтирилади. 

Эспернинг таъкидлашича, АҚШга қайтариладиган баъзи ҳарбийлар ротация асосида яна Европага жўнатилиши мумкин.

Июль бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Германиядан қўшинларнинг бир қисми олиб чиқилиши режасини маъқуллаганди. Ўшанда Германиядан 9,5 минг америкалик ҳарбий олиб чиқилиши маълум қилинган.

Трамп Германиядан қўшинлар олиб чиқилиши қарорини Германия мудофаага етарлича маблағ ажратмаётгани ва шу тариқа НАТОга путур етказаётгани билан тушунтирганди. Унинг таъкидлашича, агар расмий Берлин мудофаа бюджетини оширса, барча америкалик ҳарбийлар яна Германияга қайтарилади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид