Лекин замонавий дунё мамлакатларида Шри Ланканинг собиқ бош вазири Сиримаво Бандаранаике илк марта ҳукуматга раҳбарлик қилган аёл киши бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Сиримаво Бандаранаике Цейлон бош вазири лавозимида. 1960 йиллар
Фото: Keystone / Hulton Archive / Getty Images

Сиримаво Бандаранаике мамлакат ҳукуматига уч муддат бошчилик қилди. 2000 йилда у бош вазирлик муддатини тугатиб, янги парламент учун ўтказилаётган сайлов куни 84 ёшида вафот этади.

1960 йил июль ойида Шри-Ланкада ўтказилган парламент сайловида Озодлик партияси муҳим ғалабага эришади. Партия раҳбари Сиримаво Бандаранаике демократик йўл билан сайланган дунёдаги биринчи аёл бош вазир бўлади.

Ўшанда Лондонда чоп этиладиган Evening News нашри Бандаранаике сайланишини «суффражистлар орзуси» деб атади («суфражистлар» — XIX асрда аёлларга сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини бериш учун курашганлар). Ўша пайтда Европада бирорта давлатда ҳукумат бошлиғи сифатидаги аёл бош вазир йўқ эди. Орадан қарийб 20 йил ўтгач, 1979 йилда Буюк Британияда бош вазирликка аёл киши Маргарет Тэтчер сайланади.

Умуман олганда, 1960 йилдан 2020 йилгача ўтган олтмиш йил мобайнида 73 мамлакатда ижро этувчи ҳокимият тепасида аёллар бўлган. Айни дамда дунёнинг 16та давлатида ҳукуматни аёллар бошқаряпти. 1960 йилда Шри-Ланка бош вазири бўлган Сиримаво Бандаранаике аёллар орасида ижро ҳокимиятини бошқариш учун сайланган илк бош вазир эди.

Шаҳар ҳокимининг қизи, бош вазирнинг рафиқаси

Сирима Ратватте 1916 йил 17 апрелда ўша пайтда Буюк Британия мустамлакаси бўлган Цейлон (Европаликлар Шри-Ланкани шунақа деб аташган) оролидаги йирик шаҳарлардан бири Ратнапутра чеккасида туғилган. Унинг отаси Барнс Ратватте асилзода оилага мансуб бўлиб, сиёсатчи эди. У Балангода шаҳар ҳокими лавозимини маҳаллий анъаналарга кўра хотинининг отасидан мерос қилиб олган эди. 1915 йилда Цейлоннинг сўнгги мустақил қисмини ҳам Буюк Британия таркибига қўшилишига сабаб бўлган «Канди конвенцияси»ни имзолаганлар орасида Ратватте оиласи аъзолари ҳам бўлган.