Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шри-Ланка Россиядан урушда ҳалок бўлганлар учун товон пули сўради
Шри-Ланка ташқи ишлар вазири Тарака Баласурия бошчилигидаги делегациянинг Москвага ташрифи чоғида бўлиб ўтган музокараларда ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг оилаларига тўловлар масаласи кўтарилди, деб хабар берди мамлакат ТИВ.
Шри-Ланка делегацияси РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ва Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари ўринбосари Александр Фомин билан Москвада бўлиб ўтган учрашувда Россия армиясида хизмат қилаётган пайтда ўлдирилган ва яраланган Шри-Ланка фуқаролари учун товон пули тўлаш масаласини кўтарди. Бу ҳақда 27 июн куни Шри-Ланканинг Россия Федерациясидаги элчихонаси хабар берди. Орол давлати делегациясига ташқи ишлар вазири Тарака Баласурия бошчилик қилди.
«Суҳбат чоғида 17 нафар Шри-Ланка фуқаросининг жангларда ҳалок бўлгани, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар учун товон пули тўлаш, алоқага чиқиш имкони бўлмаган шри-ланкаликларнинг аҳволи, ихтиёрий равишда қайтиш имконияти, шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш ва пул бўйича муносабатларни тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди», — дейилади Шри-Ланка ТИВ баёнотида.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги учрашув тафсилотлари ҳақида маълумот бермади. Департамент хабарида таъкидланишича, Руденко билан сўнгги учрашувда томонлар «Россия-Ланка кун тартибидаги долзарб масалалар»ни муҳокама қилган ва «икки томонлама мулоқот динамикасини сақлаб қолишдан ўзаро манфаатдорлик» билдирган, «сиёсий, савдо ва иқтисодий соҳалардаги алоқалар» кўриб чиқилган. Агентликнинг қайд этишича, Россия давлат ОАВ учрашув ҳақида умуман хабар бермаган.
Шри-Ланка май ойида тергов бошлади
2024 йилнинг май ойида Шри-Ланка ҳукумати мамлакат фуқароларини Украинадаги урушга ёллаш ишларига алоқадор тергов бошлади, деб ёзади «Медуза». Шри-Ланка расмийларига кўра, ўша пайтда камида 16 киши ҳалок бўлган, 37 киши яраланган ва ўндан ортиқ одам асирда сақланган бўлиши мумкин.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Тарака Баласурия 30 май куни Шри-Ланка фуқаролари алдов йўли билан Россияга яхши маош ва имтиёзлар, жумладан, Россия фуқаролиги ваъда қилинган ҳолда олиб кетилганини айтди. Унга кўра, Ташқи ишлар вазирлигига ушбу мавзу бўйича фуқаролардан 455 та мурожаат келиб тушган. AFP маълумотларига кўра, шри-ланкаликларга ойига 2000 евродан ортиқ маош ваъда қилинган, бу уларнинг ўртача даромадидан тахминан 13 баробар кўп. Баласурия, шунингдек, Москва шри-ланкаликларни Украинага қарши урушга энди жалб қилмасликка рози бўлганини айтди. Айни вақтда, июн ойида Россия Федерациясида учрашиш бўйича келишувга эришилган.
Мустақил матбуот хабар қилганидек, ўтган йил охирида Шри-Ланка ҳукумати мамлакатда фуқароларни Украина томонидаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун жалб қилувчи агентлик фаолиятини тўхтатди. Ҳаммаси бўлиб, ОАВ хабарларига кўра, Россия-Украина урушида ҳар икки томондан камида икки минг шри-ланкалик иштирок этмоқда.
Украинага қарши урушга бошқа давлатлардан ҳам аскарлар ёлланмоқда
Непал ҳукумати 5 январдан бошлаб ушбу мамлакат фуқароларига Россия ва Украинада ишлаш учун рухсатнома беришни тўхтатди. Катмандудаги ҳукумат Украинада Непалдан Россия томонида жанг қилаётган камида 10 нафар ёлланма аскар ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганидан кейин шундай қарорга келди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ватандошларни Украинадаги урушда икки томонда ҳам қатнашмасликка чақирди.
Непал расмийларига кўра, йил бошидаги ҳолат бўйича, Украинада Россия армияси таркибида Непалдан камида 200 нафар ёлланма аскар жанг қилмоқда. Ташқи ишлар вазири Нараян Пракаш Сауднинг айтишича, 100 кишининг қаердалиги ҳозирча номаълум. Катманду аллақачон Москвадан непалликларни ёллашни тўхтатишни ва ёлланганларни ватанига қайтаришни талаб қилган.
Непал полициясининг 2023 йил декабр ойи бошида берган маълумотларига кўра, расмийлар 12 кишини ёш йигитларни Россия армиясига ёллаш учун ноқонуний юборганликда айблаб қўлга олган. Полиция маълумотларига кўра, қўлга олинганлар непалликларни Ҳиндистон ва БАА орқали Россияга жўнатган. «Бу тарзда қанча одам юборилгани номаълум, аммо тергов давом этмоқда», деди полиция вакили. Унинг сўзларига кўра, кўнгиллиларнинг ҳар бирига Россияга жўнатиш учун 8500 долларгача пул тўланган.
Мавзуга оид
23:56 / 27.04.2026
Шри-Ланкада можаро: 23 роҳиб 110 кг наша контрабандаси учун ҳибсга олинди
20:40 / 05.03.2026
Эрон фрегати чўктирилиши. Камида 87 киши ҳалок бўлган
17:30 / 04.03.2026
АҚШ Шри-Ланка соҳиллари яқинида Эрон кемасига зарба берди (видео)
19:20 / 30.11.2025