Жамият | 23:21 / 29.07.2020
4330
2 дақиқада ўқилади

Нукусда карантин сабаб алимент тўлай олмай қолган ота икки уйидан бирини фарзандининг номига ўтказиб берди

Карантин даврида алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, деб хабар беради Мажбурий ижро бюроси.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 21.07.2016 йилги ижро варақасига асосан, қарздор А.О.дан ундирувчи М.Ж. фойдасига унинг тарбиясидаги 2 нафар фарзандининг таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларидан 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.

Ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 20.08.2017 йилда келиб тушган бўлиб, ижро ҳаракатлари олиб борилган ва қарздор томонидан шу кунгача алимент пуллари узлуксиз ва ўз вақтида тўланиб келинган.

Лекин ҳозирги пандемия даврида қарздор ота ишсиз қолгани боис, алимент тўловлари 4 ойдан буён тўланмай қолган.

Шунда, бўлим давлат ижрочилари қарздор ота билан алимент тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатлари ва агарда ўзининг иккита уйининг бирини фарзандлари ёки собиқ турмуш ўртоғига ҳадя қилган тақдирда мазкур ижро ишини тамомлаш учун асос бўлиши ҳақида тушунтирган.

«Натижада алиментчи ота ўзига тегишли бўлган Нукус тумани «Бақаншақли» ОФЙ ҳудудида жойлашган уйини, собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, фарзандининг номига расмийлаштириб берди ва ижро иши «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига асосан тамомланди», – дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, МИБнинг Нукус туман бўлими иш юритувида алимент нафақасини ундириш билан боғлиқ 250дан ортиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шундан 185та ижро ҳужжати бўйича қарздорларнинг иш ҳақидан алимент пулларини ундириш юзасидан талабнома юборилган ва ундирув иш ҳақларига қаратилган. Қолган қарздорлардан эса алимент нафақалари ишсизлик ҳисобидан ундирилмоқда.

Мавзуга оид