Ўзбекистон | 21:24 / 29.07.2020
59018
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган. У ўз ҳолати ҳақида хабар берди (аудио)

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинди. Kun.uz мухбири Нурмат Сатиниязович билан боғланди ва унинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот олди.

«Ассалому алайкум. Ҳақиқатда лаборатория текширувлари натижасида менда COVID-19 касаллиги борлиги аниқланди. Албатта, 4 ойдан кўпроқ вақт давомида коронавирусга чалинганлар билан билиб-билмасдан мулоқотда бўлиш натижасида бу касалликни юқтириб олибман.

Лекин жиддий клиник белгилар кузатилмай туриб, лаборатория натижаларига асосланган ҳолда шифохонага ётдим. Ҳозир муолажалар қилинмоқда. Худо хоҳласа тез орада соғайиб, сафга қайтаман ва коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларда иштирок эта бошлайман.

Бу каби ноқулайликлар юзага келиши яратганнинг амри ва биз бунга ҳеч нарса қила олмаймиз. Асосийси, касалликни енгиб ўтиб, севган ишимизга қайтиб, халқимизга фойдамиз тегиши бизнинг энг катта ютуғимиз.  

Менга қайта-қайта мурожаат қилиб касалланганим ҳақидаги хабар қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги тўғрисида сўраб, қайғурган журналист дўстларимизга айтар сўзим – саломатлигимга бефарқ эмасликларингиз мени жуда қувонтирди. Барчангизга миннатдорчилик билдираман, биз бир-биримизга ўрганиб қолдик, қисқа муддат кўришмасак соғинадиган бўлдик. Бу Аллоҳнинг бир синови. Тез орада уни енгиб ўтиб сиз билан кўришамиз деган умиддаман. Соғ бўлинглар», дейди Нурмат Отабеков.

  • Эслатиб ўтамиз, Нурмат Отабеков 2020 йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга кўра, «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

Мавзуга оид