Ўзбекистон | 22:05 / 30.07.2020
17786
8 дақиқада ўқилади

Суюлтирилган газ таъминотини хусусий секторга бериш вақти келмадими? Андижондаги газ баллонини орзиқиб кутаётган маҳаллалар ҳақида

Жамиятдаги қайсидир муаммонинг ечими бир неча ўн йиллардан бери топилмаётганига ҳайрон бўлаверамиз. Айниқса, аҳолига энергия ресурсларини етказиб бериш муаммоси. Қиш яқинлашгани сари ўзбекнинг аксарият хонадонларида алмисоқдан қолган минг йиллик ташвиш яна бошланади. Уйни иситиш учун ўтин-кўмир, электр ўчганда фойдаланиш учун генератор, фонар сотиб олиш ташвишлари.

Узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган яна бир муаммо бор - бу аҳолига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш масаласи.

Водий вилоятларидаги туманларнинг аксарият ҳудудларида табиий газ таъминоти йўқлиги учун рўзғорда маиший газ баллонларидан фойдаланилади.

Маълумки, мамлакатда мазкур фаолият билан монопол ташкилот –“Ҳудудгаз” корхоналари шуғулланади. Монополлик ортидан келаётган муаммоларга эса мақоламиз сўнгида тўхталамиз.

Қишлоқ жойларда бу муаммо айниқса йилнинг қаҳратон қиш ва ёз фаслида долзарб мавзуга айланади. Ёз - пишиқчилик ойларида суюлтирилган газга бўлган талабнинг ортиб кетишини уй бекаларининг ёппасига мева-чева ва полиз маҳсулотларидан консерва қилиши билан боғласак хато бўлмайди.

Мурожаатлар ортидан...

Охирги икки ҳафта давомида таҳририятимизга Андижон вилоятининг турли ҳудудларидан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг айримлари билан танишамиз.

“Ҳурматли, KUN.UZ журналистлари. Андижон туманидаги Айрилиш маҳалласида яшовчи аҳоли номидан мурожаат қиляпман. Маҳалламизга мана икки ойдан бери газ баллонларини алмаштиргани келишмаяпти. Наҳотки шунча вақт оралиғида аҳоли қийналаётганининг ҳеч кимга қизиғи йўқ?  Маҳалламиздаги газ баллонлар тўпланадиган жой тўлиб кетган. Суратларини жўнатяпман. Фуқаролар хусусий “заправка”лардан икки-уч баробар қиммат нархда баллонларини тўлдириб келишяпти”, деб ёзади Обиджон Ғозиев.

“Маҳалламизда аҳолининг газ баллонлари тўпланиб, тумангаз ходимлари олиб кетадиган жой бор. Бу ерда 100дан зиёд  баллонлар бир ярим ойдан бери чанг босиб турибди. Туман ҳудудий газ таъминоти ходимларининг айтишича, газ “тепадан” йўқмиш. Қачон газ келишини айтишмаяпти”, дейди Асака туман Қурама қишлоғида яшовчи фуқаро.

“Асака шаҳар Камолот кўчасида яшаймиз. Мана икки ойдирки, шаҳаргаз ташкилоти баллонларимизни тўлдириб бермаяпти. Мана шу муаммо орқасидан ташкилотнинг бошлиғи билан уч-тўрт марта тортишиб ҳам қолдик. Газ йўқлигини айтишяпти. Бизнинг кўчамизда табиий газ бўлмаса ҳам суюлтирилган газ таъминотига ўтмаганмиз. Газ баллонларни ўз пулимизга 400 мингдан сотиб олдик. Муаммойимизни ҳал қилишга ёрдам беринглар”, деб ёзади Дилноза Мамасолиева.

“Избоскан туман Марказ МФЙда яшайман. Вилоятга суюлтирилган газ тақсимлайдиган омбор ёнимизда бўлса ҳам 31 майдан бери газ баллонларимизни алмаштиришгани йўқ. Мана бугун 22 июль. Алоқага чиқсак, “газ йўқ”, дейишяпти”, дея мурожаат йўллаган Хурсандбек Турғунов.

“Андижон шаҳри, Ўзбекистон МФЙга ҳам 3 ойдан буён суюлтирилган газ баллон келмаяпти”, деб ёзади яна бир фуқаро.

Мутасадди изоҳи

Газ баллонлари билан боғлиқ муаммоларнинг сабабини билиш мақсадида Андижон вилоят ҳудудий газ корхонаси мутасаддиси Илҳомжон Мўйдинов билан боғландик.

“Корхонамиз вилоятдаги истеъмолчиларининг суюлтирилган газга бўлган талабини қондириш мақсадида бир ойда 5 минг тонна атрофида газ маҳсулоти олиб келиб тарқатади. Айни пайтда вилоят бўйича жами истеъмолчилар сони 423 700 атрофида. Асака, Ахтачи, Қўрғонтепа, Избоскан, Шаҳрихон туманларида газ тақсимлаш шохобчаларимиз фаолият юритиб келмоқда. Вилоятнинг бир кунлик ўртача истеъмоли 205 тонна атрофида. Йилдан-йилга вилоятда суюлтирилган газ истеъмоли кўпайиб бормоқда.

Июнь ойининг охири ва июль ойининг бошларида Муборак газни қайта ишлаш заводи қишга тайёргарлик ишлари туфайли таъмирлашга тўхтаганлиги боис 15 кун давомида бизга суюлтирилган газ келмади. Ойлик 5 минг тонна ўрнига 3 минг тонна газ беришди холос. Ҳудудда юзага келган муаммоларнинг асл сабаби шунда”.                                     

Хулоса ўрнида...

Умуман олганда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш соҳаси камчиликларга тўла ва  ислоҳотга, янгича ёндашувга муҳтож.

Истеъмолчи маиший газ баллонларини тўлдириш учун ойлаб кутиши керак. Табиий газ тармоғи бўлмаган аҳоли ўша кунлари хонадонида жуда катта ноқулайликларга дучор бўлади. Уйда овқат пишириш, сув қайнатиш сингари кундалик юмушлар учун ўтин-кўмир ёки таппи ёқишга мажбур.

Президентнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4388-сонли қарори билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖга газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни хавфсиз эксплуатация қоидаларининг норматив талабларига риоя қилган ҳолда эксплуатация қилиш, суюлтирилган газни харид қилиш, етказиб бериш, сақлаш ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига сотиш функциялари юкланган.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизимидаги корхоналар эса истеъмолчиларнинг маиший газ баллонларини қоидага кўра ҳар 40-45 кунда чекланган миқдорда алмаштириб беради. Тўғри, бу корхона етказиб бераётган маҳсулот нархи биржа нархига нисбатан анча арзон, аммо миқдори чегараланган. Яъни фуқаро ўзи ҳоҳлаган пайтда ва ўзи истаганича суюлтирилган газ сотиб ололмайди. Шу сабабли амалдаги бу тизим билан мавсум даврида аҳоли эхтиёжларини тўла хажмда қоплаб бўлмайди.

Ваҳоланки, фуқаролар газ баллонини пулга сотиб олади. У – истеъмолчи! Наҳотки, маҳсулотни ўз пулига сотиб олаётган истеъмолчи газни ўзи истаган пайтида сотиб ололмаса? Маҳсулотга талаб бор ва у сотиляпти. Демак, буни бизнес деб аташ мумкин. Бизнесни эса давлат корхонаси эмас, хусусий сектор эгалари юритса барча учун кўпроқ манфаатли бўлади. Чунки бизнес бор жойда шаффофлик ва рақобат пайдо бўлади, бозор учун кураш баробарида хизмат кўрсатиш ва сервис ривожланади.  

Хизмат юзасидан водий вилоятларини кезиб, аҳолининг маиший баллонларни алмаштиришдаги қийинчиликларини кўп кўрамиз. Газ баллонларини алмаштириш аксар ҳолларда аёллар ва ёш болалар зиммасида қолмоқда.   

Фикримизча, бу йўналишдаги монополияни аллақачон қайта кўриб чиқиб, соҳани давлат шерикчилиги асосида хусусий секторга беришни ўйлаб кўриш вақти келган. Шартнома асосида газ етказиб берувчи корхона билан ишлаётган тадбиркор ишида узилиш бўлишига ва бунинг оқибатида ўз харидорини йўқотишга йўл қўймайди, бозор учун курашади. Табиийки, таклиф кўп бўлган жойда нарх ҳам ўз ўзидан пастлайди.  Ана шунда ҳаммаси изига тушади ва аҳоли чекаётган азобларга барҳам берилади.  

Ҳозирча эса бор умидимиз “Ҳудудгаз” идораларидан...

Элмурод Эрматов, KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид