«Ўзбекнефтгаз»: Энергетика вазири бошчилигида GTL заводидаги қурилиш-монтаж ишлари ҳолати ўрганилди
Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Қашқадарё вилоятидаги GTL заводининг қурилиш майдонида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этилаётган ва амалга оширилаётган сўнгги босқич қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганди.
Коронавирус пандемияси туфайли, заводнинг қурилиш майдонидаги ишчи-ходимлари учун лойиҳа ҳудудида 1400 ўринга мўлжалланган махсус карантин зонаси ва 400 ўринли госпитал ташкил этилди.
Шу жумладан, 5та тез ёрдам машинаси ва 30дан зиёд тиббиёт ходимининг доимий навбатчилиги ташкил этилган бўлиб, коронавирус тестлари учун ускуналар, пульсоксиметр, оксигенератор ва бошқа зарурий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган махсус лаборатория ва дори-дармонларнинг захираси яратилди.
Энергетика вазири ташриф давомида ишчи-ходимлар учун яратилган ишлаш ва яшаш шароитларини тўлиқ ўрганди ва «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва «Шўртан ГКМ» МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган қўшимча махсус лаборатория билан ҳам танишди.
ПЗР тестларни бажариш учун харид қилинган ускуна ва дори-дармон захираси бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
«Uzbekistan GTL» раҳбари томонидан қурилиш майдонида санитария-эпидемиология ҳолати яхшилангунига қадар ишчилар сони камайтирилгани, шу жумладан лойиҳага жалб этилган ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратилгани ҳамда ўз вақтида иш ҳақлари тўлаб берилаётгани борасида ахборот берилди.
Таъкидлаш керакки, минтақадаги энг инновацион ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиши кутилаётган ушбу заводда карантин ва хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда иш бир неча сменада ташкил қилинган бўлиб, қурилиш ишлари шу йилнинг охирида якунланиши режалаштирилган.
Ташриф давомида Энергетика вазири раҳбарлигида сайёр йиғилиш ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳа бажарилишини таъминлаш юзасидан топшириқлар ижроси ҳолати ўрганилиб чиқилди, қурилишни якунлаш бўйича муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, GTL заводини ишга тушириш ва созлаш ишларини сифатли бажарилишини таъминлаш, шу ишларни бажарадиган ва кейинчалик завод эксплуатациясини амалга оширадиган мутахассиларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Uzbekistan GTL» МЧЖ, «Шўртан ГКМ» МЧЖ, «Eriel Group» МЧЖларнинг раҳбарлари ҳамда бош пудратчи – «Hyundai Engineering Ltd.» ва «Enter Engineering Pte. Ltd.» консорциуми, лойиҳанинг бошқаруви бўйича маслаҳатчиси – TechnipFMС компаниясининг дирекция раҳбарлари, шунингдек масъул мутахассислар иштирок этди.
«Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳаси доирасида пудратчилар томонидан лойиҳани амалга оширилишининг умумий кўрсатгичи 90 фоизга бажарилгани маълум қилинди.
Қурилиш майдонига 93 фоиз асосий технологик ускуна ва қурилмалар етказилгани, шундан 73 фоизи (ёки 34,1 минг тоннага тенг) заводнинг технологик ҳудудига ўрнатилгани таъкидланди.
Таъкидлаш керакки, тўлиқ лойиҳалаш қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард кубометр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024