Жаҳон | 00:44 / 01.08.2020
21977
2 дақиқада ўқилади

“Қўлга олинганларнинг кўрсатмалари турлича” – Беларусь тергов қўмитаси “вагнерчилар”нинг дастлабки тергови натижаларини маълум қилди

Фото: Ruptly

Тергов гуруҳи бошлиғи Александр Агафоновнинг сўзларига кўра, "гуруҳ уюшган бўлиб, ҳарбий стандартлар бўйича бошқарилган".

Беларусда қўлга олинган россияликлар авиачипталари бўлишига қарамасдан Истанбулга учиш ниятида бўлмаган. Бу ҳақда тергов гуруҳи бошлиғи Александр Агафонов маълум қилди.

"Жиноятни уюшган ҳолда ташкил этишда жиноятчилар ўзларига алиби тайёрлаши табиий. 25 июлда Истанбулга учиб кетиш учун авиачипталари бўлган Россия Федерациясининг қўлга олинган 33 нафар фуқароси билан ҳам ана шундай ҳолат содир бўлди. Терговда аниқланишича, уларнинг Истанбулга учиш нияти бўлмаган", - деди у.

Агафоновнинг сўзларига кўра, "гуруҳ уюшган бўлиб, ҳарбий стандартлар бўйича бошқарилган".

"Шахсий таркибни бошқариш мақсадида WhatsApp мессенжерида 1.ru гуруҳи ташкил этилган", - деб маълум қилди у.

Унинг айтишича, "қўлга олинган 33 кишининг барчаси ушбу гуруҳ иштирокчилари бўлган".

"Қўлга олинганлар ҳимоячилар иштирокида сўроқ қилинди. Уларнинг кўрсатмалари турлича. 11 киши Венесуэлага, 15 киши Туркияга, иккитаси Кубага, биттаси Сурияга учмоқчи бўлган. Биттаси эса умуман қаерга кетишини ҳам билмаган, уч киши кўрсатма беришдан бош тортди", - деди тергов қўмитаси вакили.

Унинг қўшимча қилишича, "битта самолётда турли мамлакатларга парвоз қилиш мумкинлиги шубҳа уйғотади".

Аввалроқ Россиянинг Беларусдаги элчиси Дмитрий Мезенцев Минскда қўлга олинган Россия фуқаролари Истанбулга учишни режалаштиргани ҳақида айтганди.

Мавзуга оид