Жаҳон | 23:05 / 01.08.2020
7989
2 дақиқада ўқилади

Россияда янги ўқув йилида талабалар ва ўқитувчиларнинг ниқоб тақиши мажбурий бўлади

Фото: SPUTNIK /EVGENIY EPANCHINTCEV

Россия фан ва олий таълим вазири Валерий Фальков мамлакат олий ўқув юртлари ректорлари ўтказган билан онлайн мажлис чоғида янги ўқув йилида талабалар ва ўқитувчилар учун тиббий ниқоб тақиш мажбурий талаб қилиб белгиланишини маълум қилди.

Талабалар ва ўқитувчиларни ниқоблар билан таъминлаш университетлар зиммасига юкланади.

Коронавирусга антитаначалар ҳосил қилган ўқитувчилар ва ОТМ ходимлари дарсларда ниқобсиз иштирок этишлари мумкин бўлади. Бунинг учун улар тегишли маълумотнома тақдим этишлари керак бўлади. Бундан ташқари, бундай ўқитувчиларга маърузалар ўқиш чоғида ҳам ниқобдан фойдаланмаслигига изн берилади.

Шунингдек, барча университетларда ҳавони дезинфекцияловчи қурилма ўрнатилади, ўқув корпусларида эса иситма ўлчанади.

Авиақатновлар тикланган мамлакатлардан келган талабалар фақат 14 кунлик карантинда сақланганидан сўнг машғулотларга киришишлари мумкин бўлади.

Улар шунингдек, Россияга кириб келганидан 10-12 кун ўтиб, COVID-19га тест топширишлари керак бўлади. Авиақатновлар тикланмаган мамлакатдаги талабалар учун ОТМлар онлайн форматдаги ўқув машғулотларини таъминлаб беришлари лозим.

Мажлис чоғида вазир ОТМлар ўқув жараёнини сентябрда бошлаш ё бошламаслик тўғрисида мустақил қарор чиқаришлари мумкинлигини алоҳида таъкидлаган.

«ОТМлар ўқув йилининг бошланишини икки ойгача суришларига рухсат берилади. Бироқ Россиядаги олий ўқув юртларининг 92 фоизи ўқув йилини 1 сентябрдан бошлашга тайёр», — деган Фальков.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид