Статистика қўмитаси июль ойида нарх-наво 0,3 фоизга пасайганини маълум қилди
2020 йилнинг июлида истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ой давомида ўртача 0,3 фоизга пасайди.
Давстатқўм хабарига кўра, 2020 йилнинг январь-июль ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 4,3 фоизга кўтарилди.
Йиллик даврда эса (2019 йилнинг июлига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 14,4 фоизни ташкил этди.
Бозорларнинг янги мева-сабзавот маҳсулотлари ҳосили билан тўйинганлиги сабабли, ушбу товарлар гуруҳи умумий нархларнинг пасайишига олиб келиб, натижада жорий йилнинг июль ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 98,7 фоизни ташкил этди.
Ой давомида ноозиқ--овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархлари мос равишда 0,5 фоиз ва 0,4 фоизга қимматлашди. Озиқ--овқат маҳсулотлари нархларининг арзонлашиши ҳисобига умумий ИНИ кўрсаткичи 0,6 ф.д.га пасайди. Ноозиқ--овқат маҳсулотлар нархларининг кўтарилиши натижасида умумий кўрсаткич 0,2 фф.д.га ўсди. Хизматлар тарифларининг ўсиши натижасида умумий ИНИ қўшимча равишда 0,1 фф.д.га ошди.
Жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида ҳар бир ой учун асосий гуруҳлардаги нархларнинг ўзгариши умумий истеъмол нархларининг ўсишига ёки пасайишига таъсир қилиши динамикасига келинса, жорий йилнинг январ-апрель ойларида ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар таъсирининг нисбий барқарорлиги шароитида озиқ-овқат маҳсулотларидаги нархларнинг ўзгариши таъсири аста-секин ўсиб борди (0,4 ф.д.дан 1,4 ф.д.гача).
Май ойидан бошлаб, мева-сабзавот маҳсулотларининг ва шунга мос равишда озиқ-овқат маҳсулотларининг мавсумий пасайиши тенденцияси қисқа муддатда инфляцион босимни сезиларли даражада пасайтириш имконини берди.
Умумий ҳисобда, 2020 йилнинг январь-июль ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси 4,9 фоизга, ноозиқ--овқат маҳсулотлари 4,1 фоизга, хизматлар 3,6 фоизга ошди.