Ҳиндистонда 100 га яқин таксичини ўлдиришда гумон қилинган собиқ шифокор қўлга олинди
Ҳиндистон полицияси собиқ шифокор, 100 га яқин қотилликни амалга оширишда гумон қилинаётган 62 ёшли Давендра Шармани қўлга олди. Эркак полициядан ярим йил давомида яшириниб юргандан кейин Деҳлида ҳибсга олинган, деб хабар берди The Indian Express нашри.
Полиция маълумотларига кўра, Шарма 2004 йилда тана аъзоларини ноқонуний кўчириб ўтказишга алоқадорлиги учун умрбод қамоқ жазоси олган. У ўз қилмиши учун Жайпурнинг марказий турмасида 16 йил ўтказган ва яхши хулқи учун 20 кунга озодликка чиқарилган.
Бироқ собиқ шифокор турмага қайтишни истамаган ва фурсатдан фойдаланиб, қочиб кетган. У қўшни штатга кўчиб ўтиб, ярим йил давомида полициядан яшириниб юрган. Қочоқ бу вақт ичида уйланишга ва ҳаттоки кўчмас мулк билан боғлиқ фирибгарликда иштирок этишга улгурган.
Шарма ҳибсга олингандан кейин 2000-йиллар бошида таксичилар ўлдирилишига алоқадорлигини айтиб берган. У ва унинг шериклари ҳайдовчиларни алдаб-авраб, сўнгра уларни ўлдиришган. Жасадлар эса Касганжа шаҳридаги тимсоҳлар билан тўлиб-тошган Ҳазар каналига ташланган. Жиноятчилар шу тариқа ўз қабиҳ ишлари изларини йўқотмоқчи бўлишган, қурбонлар автомобилларини эса сотиб юборишган.
Полицияда таъкидланишича, Шарма ҳибсга олиниш вақтида ўзини бамайлихотир тутган ва қочишга уринмаган. У бир кун давомида сўроқ қилинган. Ундан ўша кезларда ОАВда 100 га яқин қотилликлар ҳақида хабар қилингани борасида сўралганда, у 50-қурбондан кейин ҳисобдан адашиб кетганини айтган. “Балки 100 нафар бўлгандир. Буни эслаб қолиш осонмас”, деб жавоб қилган жиноятчи.
Мавзуга оид
17:51 / 05.11.2024
4 яшар ҳиндистонлик FIDE рейтингига кирган энг ёш шахматчи бўлди
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
09:40 / 02.11.2024
Ҳиндистон Фарғонада халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этади
17:51 / 01.11.2024