Жаҳон | 08:53 / 02.08.2020
4538
2 дақиқада ўқилади

Вьетнамнинг Дананг шаҳрида барча аҳоли коронавирусга текширилади

Фото: ТАСС/EPA/LUONG THAI LINH

Вьетнамнинг Дананг шаҳрида барча аҳолидан коронавирусга тест олинадиган бўлди. Ўтган ҳафта охирида бу ерда коронавирус авж олиши қайд этилганди.

Reuters ахборот агентлигининг Въетнам ҳукумати сайтига таяниб хабар беришича, умумий ҳисобда 1,1 млн киши коронавирусга текширилади. 

Таъкидланишича, мамлакатда 1 августда 40 та янги касалланиш ҳолати аниқланган. Бундан 26 та ҳолат Данангда қайд қилинган. Умумий ҳисобда касалланганлар сони 586 нафарга етган, 3 киши вафот этган. 

Коронавирус авж олиши сабабли Вьетнамнинг йирик шаҳарларида оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқлаб қўйилди, барлар, тунги клублар ва кўнгилочар масканлар ёпилди.

Вьетнам ҳукуматининг хабар беришича, мамлакатда коронавирусни текшириш учун иккита тест-тўплами - VinKit SARS-CoV-2 RT-PCR 1.0 ва VinKit SARS-CoV-2 Multiplex RT-PCR ишлаб чиқилган. Таъкидланишича, ушбу тестлар ЖССТ тавсия қиладиган таҳлиллар каби юқори сифатга эга.

27 июлда Дананг шаҳри коронавирус тарқалиши сабабли сайёҳлар учун ёпилгани маълум қилинган. Вьетнам соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий ҳокимиятга вирус тарқалишини бостириш ва унинг ўчоғини иложи борича тезроқ аниқлаш учун ўз мутахассисларини жўнатган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид