Ўзбекистон | 22:06 / 03.08.2020
26152
2 дақиқада ўқилади

Суд Қамчиқ довонидаги «Бургут» масканини бузиш ҳақидаги ҳоким қарорини бекор қилди

Шу йил 22 июнида Kun.uz сайтида «Қамчиқ» довонидаги машҳур «Бургут» масканини бузиш кимга керак бўлиб қолди?» номли мақола ва видеорепортаж эълон қилинганди.

Унда Қамчиқ довонида, «Тошкент – Ўш» автойўлининг 233 километридаги кўпчиликка яхши таниш «Бургут» номли санитар-гигиеник маскан ва «Бир зумда» кафесини бунёд этган тадбиркор Амонжон Маткомиловнинг муаммоси таҳлил қилиниб, ўрганилганди.

Туман ҳокимлиги 2019 йил 18 декабрь куни тадбиркорга ер майдонини доимий фойдаланишга бериш тўғрисида қарор чиқарган, аммо 2020 йил апрель ойида бу қарорни бекор қилиб, иншоотларни тадбиркорнинг ўз ҳисобидан буздириш тўғрисида қарор қабул қилган.

Мақолада тадбиркор А.Маткомилов туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб Чуст туман маъмурий судига шикоят аризаси киритгани айтилганди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 3 август куни Поп туман маъмурий судида мазкур иш бўйича бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида тадбиркор ютиб чиқди.

Судья С.Қодиров раислигида ўтган суд жараёнлари якунига кўра, Поп туман ҳокимининг 2020 йил 30 апрелдаги 383-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Мавзуга оид