Ўзбекистон | 14:14 / 04.08.2020
9957
7 дақиқада ўқилади

«1003 колл-марказига энг кўп қўнғироқ март-апрель ойларида бўлганди» — ССВ вакили

Бугунги суҳбатдошимиз – Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат хусусий шериклик ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи, COVID-19 штаби аъзоси, колл-марказларга фуқаролар мурожаатлари бўйича масъул Камолхўжа Эшназаров.

Камолхўжа Эшназаров

Камолхўжа Эшназаров – тиббиёт буйича фалсафа доктори (MD. PhD). Германия, Жанубий Корея, Туркия, Исроил, Бельгия, Хитой, Россия каби давлатларда тиббиёт тизимини ташкиллаштириш ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича малака оширган.

2020 йилнинг 15 апрелдан 15 июнь санасигача Юқори Чирчиқ тумани Ўртасарой карантин ҳудудида тиббий масалалар бўйича масъул бўлиб ишлаган. Коронавирусга қарши курашиш штабида Корея университети билан доимий ҳамкорлик ўрнатган.

– Камолхўжа Эшназарович, коронавирус пандемияси колл-марказлар нақадар аҳамиятли эканини кўрсатди. Бу вазиятда бундай марказлар фаолиятини йўлга қўйиш ғояси қандай туғилган эди?

– Ўзбекистон Республикасида коронавирус билан касалланиш аниқланган биринчи кунларданоқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фуқаролар мурожаатларига жавоб берувчи колл-марказ ҳамда тезкор штаби ташкил этилган эди.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 16 мартдаги 70-сон «Коронавирус инфекциясини Ўзбекистон Республикасига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш ҳамда эпидемик вазиятни барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисида»ги буйруғига асосан, вазирликнинг COVID-19 масалалари бўйича фуқаролар мурожаатларига жавоб бериш мақсадида 1003 колл-маркази ташкил этилган. Ушбу марказ пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида жойлаштирилган ва унда 170 нафар шифокор-оператор, 15 нафар раҳбар ходим 6та гуруҳга бўлиниб, навбат асосида фаолият юритиши йўлга қўйилган.

– Аммо минг афсуски, ташкил этилган бу марказлар ўзига хос инқироз даврида панд берди ва улгурмай қолди.

– Панд берди, демаган бўлардим, лекин маълум кунларда улгурмай қолгани рост. Бунинг ҳам объектив сабаблари бор – ҳар қандай тизим маълум даражадаги юкламага мослаштирилади. Уни бирданига амалда бўлмаган жуда катта юкламага мослаб сақлаб туриб бўлмайди. Маълум кунлар улгурмай қолингани тан олингани ҳолда дарҳол бу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди.

Жумладан, фуқаролар томонидан тушаётган мурожаатлар сонининг ортиши ҳамда Коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июлдаги 33-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 11 июлдаги 180-сон «Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси қошида Ситуацион алоқа маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги буйруғига асосан, фаолият юритаётган 1003 колл-марказидаги ходимлар сони 270 нафарга оширилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри аҳолисидан тушаётган мурожаатларнинг сони юқори экани ҳисобга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2020 йилнинг 13 июль санасидан бошлаб, COVID-19 масалалари бўйича фуқаролар мурожатларига жавоб бериш учун Тошкент шаҳар Ёшлар иттифоқи биносида 1105 колл-маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу марказда сутка давомида 120 нафар ходим навбат асосида ишлаши ташкил этилиб, жами 240 нафар ходим сафарбар қилинган. Бугунги кунда COVID-19 масалалари бўйича фуқаролар мурожаатларига жавоб бериш учун ташкил этилган колл-марказларида жами 510 нафар олий тиббий маълумотга эга тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт коллежлари профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали мутахассислар жалб қилинган.

– Колл-марказлар фаолиятига оид, коронавирус дастлаб қайд этилганидан бошлаб шу кунгача бўлган даврнинг сарҳисоби борми? Дейлик, мурожаатлар мазмуни қай даражада ўзгармоқда?

– Ўтган беш ойга яқин давр мобайнида 1003 колл-марказига фуқаролар томонидан жами 816 437та мурожаат келиб тушган (суҳбат 1 август куни ёзиб олинган), шундан март ойида 267 258та, апрель ойида 253 773та, май ойида 108 148та, июль ойида 66 061та ва июль ойида 121 197тани ташкил этган.

Июль ойида Тошкент шаҳри учун ташкил этилган янги 1105 колл-маркази томонидан 2020 йилнинг 1 август санасигача 76 894та мурожаатларга жавоб берилган.

Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг кўплиги ҳамда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида 2020 йилнинг 13 июль санасида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси қошида Ситуацион алоқа маркази ва ҳар бир тиббиёт муассасаларида алоқа линиялари ташкил этилди. Ушбу Ситуацион алоқа маркази 1003 ҳамда 1105 колл-марказларига фуқаролар томонидан бўлаётган мурожаатлар асосида ҳудудлардаги поликлиникаларда ташкил этилган мобил гуруҳлар билан ҳамкорликда коронавирус билан касалланган беморларни эрта аниқлаш, уларнинг ҳолатини баҳолаш ва зарур ҳолларда стоционар даволаш учун тиббиёт муассасаларига йўналтириш билан шуғулланмоқда.

Бугунги кунгача Ситуацион алоқа маркази томонидан 2 880 ҳолат бўйича фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун COVID-19 масалалари бўйича фуқаролар мурожаатларига жавоб бериш колл-марказлари ҳамда Ситуацион алоқа марказлари ташкил этилди. Бу марказларда ҳар бир туман ва ҳар бир ҳудуд учун масъул шахслар тайинланиб, алоқа линиялари ташкил этилди. Улар бевосита фуқароларга амалий ёрдам бериш учун поликлиника, ҚОП ва ҚВПларидаги мобил гуруҳлар билан ҳамкорликда фаолият юритади.

Албатта, пандемиянинг республикамизга кириб келган санадан то бугунги кунгача даврда колл-марказларга фуқаролар томонидан бўлаётган мурожаатларнинг ҳам мазмуни ўзгариб бормоқда. Коронавирус аниқланишининг эрта даврларида асосан касалликнинг олдини олиш чоралари, профилактикаси ва карантин тадбирлари хусусида саволлар кўпроқ тушган бўлса, бугунги кунга келиб, касалликнинг клиник белгилари, касалликнинг кечиши ва даволаш ҳамда реабилитация масалаларида кўпроқ саволлар келиб тушмоқда.

Ва албатта, бугун фуқароларимиз томонидан иккита савол: ПЗР тестини топшириш ва шифохонада даволаниш имконияти бўйича берилаётган саволлар энг кўп берилмоқда.

– Соҳангиз ва тизимнинг сўнгги кунлардаги энг кўзга кўринарли ишларини санаб бера оласизми?

– Ҳозир тиббиётимиз шу даражада масъулият остидаки, нима биландир мақтанишга ҳали эрта. Аммо айрим жиҳатларни эътироф этса бўлади. Колл-марказлар иши ҳозир бутун республика бўйича ташкил этилгани ва бунинг ортидан 1003 хизматининг иши енгиллашгани тўғрисида юқорида айтдик.

Яна асосий 3та ютуқни санаб ўтиш мумкин:

  1. Тез ёрдам 103 фаолияти қийинчилик билан бўлса-да, маромига келтирилмоқда.
  2. Поликлиникаларда 24 соат иш ташкил қилинди ва бу ҳам вазиятни изга тушириш учун ўз натижаларини берди.
  3. Мобил гуруҳлар иш бошлагани ўзига хос инқироз даврида энг катта ёрдам бўлди.

Аммо юртдошларимиз ўз соғлиғига жиддий қарамасалар, эҳтиётсизликка йўл қўйсалар, бу ҳаракатларнинг ҳаммаси бефойда бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун имкониятдан фойдаланиб ҳурматли фуқароларимизга мурожаат қилмоқчиман – коронавирус инфекцияси ва COVID-19 масалалари бўйича 1003 колл-марказига ҳамда ҳудудлар бўйича ташкил этилган тезкор алоқа линияларига мурожаат қилинг.

Коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш ва авваламбор юқтириб олишда сақланиш учун уйда қолинг. Оилангиз ва яқинларингизни бу касалликдан ҳимоя қилинг.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид