Ўзбекистон | 10:00 / 04.08.2020
8154
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: “Шўртан газ кимё мажмуаси”да коронавирус пандемияси даврида узлуксиз ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 300 ўринли “Ишчилар шаҳарчаси” қурилмоқда

«Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли «Шўртан газ кимё мажмуаси» – этилен ва полиэтилен ишлаб чиқарувчи йирик корхона бўлиб, бу ерда 4 мингга яқин (ҳозирда 3841 нафар) ишчи-ходим фаолият олиб боради.

Коронавирус пандемияси даврида завод фаолиятида, айнан ана шу ишчи-ходимларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига бир дақиқа ҳам тўхталиш бўлгани йўқ, аксинча ишлаб чиқариш ҳажми аввалги даврга нисбатан сезиларли даражада ошди.

2020 йилнинг 1-ярим йиллигида, мажмуа томонидан табиий газни қайта ишлаш – 2 123,561 млн. куб метр (режага нисбатан 110,2 %), газ конденсати ишлаб чиқариш – 52,989 минг тонна (режага нисбатан 118,5 %), суюлтирилган газ ишлаб чиқариш – 59,298 минг тонна (режага нисбатан 109,4 %), полиэтилен ишлаб чиқариш – 66,970 минг тонна (режага нисбатан 109,2 %), олтингугурт ишлаб чиқариш – 0,510 минг тонна (режага нисбатан 108,5 %)га бажарилгани сўзимиз исботидир.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, «Шўртан газ кимё мажмуаси»да ишлаб чиқаришдаги самарадорликни сақлаб қолиш ва узлуксизликни таъминлаш мақсадида, янги лойиҳа, яъни «Ишчилар шаҳарчаси» қурилиши бошланди.

«Ишчилар шаҳарчаси» жами 607 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 400 ўринли 48та хонадон, 117 ўринли 1та ётоқхона, 60 ўринли меҳмонхона, 30 ўринли 2 дона коттеж қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди.

Қолган ишчи-ходимларнинг вахта режимида ишлаш борасидаги хоҳиш ва таклифлари инобатга олиниб, қўшимча 300 ўринли енгил конструкцияли ётоқхоналар қурилиши бошланди.

«Ишчилар шаҳарчаси»да бўлиб, қурилиш ишлари ҳолатини ўрганган Бошқарув раиси томонидан, замон талабларига жавоб берадиган ётоқхоналар 2020 йилнинг 1 сентябрга қадар қуриб битказилиши бўйича топшириқлар берди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» томонидан амалиётда илк бор, 400 нафар ходим баравар вахта режимида ишга жалб қилинди ва бу синов-тажриба ўз самарасини берди. 400 нафар ишчи-ходим вахта режимида иш бошлашдан аввал, коронавирусга тест топширишади ва унинг натижаси маълум бўлгач, ўз иш фаолиятларини бошлайдилар. Вахта режимида эса улар тўлиқ изоляция ҳолатида бўлишади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун олинган лицензиясига асосан, 50 нафар тиббиёт ходимидан иборат, тун-у кун хизмат кўрсатувчи поликлиника иш бошлади. Санитария-эпидемиологик осойишталик марказидан олинган рухсатномага асосан эса, эпидемиологик вазиятни назорат қилиш учун коронавирусга тест олиш лабораторияси ташкил қилинди.

Таъкидлаш керакки, инфекция тарқалишининг олдини олиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш учун қилинган ишларнинг натижасида, «Шўртан газ кимё мажмуаси» томонидан 2020 йилнинг январь-июль ойлари учун экспорт кўрсаткичлари муваффақиятли бажарилди. Жумладан, натурал кўринишда 11.7 минг тонна полиэтилен экспорт қилиш топшириғи 17.122 минг тоннага (146.34%) бажарилди.

Бундан ташқари, корхона томонидан жорий йилнинг июль ойида «Маҳаллийлаштириш дастури» доирасида томчилатиб суғориш тизими полимер қисмлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 3,454 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва белгиланган режа бажарилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда барча йўналишлар бўйича жорий йил режа кўрсаткичларини сўзсиз бажарилиши борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид