Ўзбекистон | 21:26 / 04.08.2020
21129
2 дақиқада ўқилади

Юрак касалликларидан қандай сақланиш мумкин? Мутахассис маслаҳати

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази кардиохирургия бўлими мудири Абдусалом Абдураҳмонов юрак касалликларидан ҳимояланиш учун керакли тавсияларни санаб ўтди.

Унинг айтишича, юракни қувватлантирувчи дорилар йўқ. Юрак касалликларининг олдини олишнинг ягона йўли – соғлом турмуш тарзи, яъни парҳез ва жисмоний фаоллик.

«Тадқиқотларга кўра, 1998 йилда Туркия ва Ўзбекистонда парҳез билан боғлиқ юрак хасталиклари 100 минг кишига 400та ҳолат тўғри келган. Ҳозир юрак хасталиклари Ўзбекистонда 100 минг кишига 890та тўғри келмоқда, бу бўйича дунёда учинчи ўринга чиқиб олган. Туркияда эса бу кўрсаткич қарийб 4 бараварга қисқарган – ҳар 100 минг кишига 100 киши атрофида.

Туркия бунга парҳезни ўзгартириш орқали эришди. Улар ёғли, хамирли, крахмалга бой овқатлардан воз кечиб, сабзавот-мевалар, денгиз маҳсулотлари истеъмолига ўтишди. Юрак учун оқсилларга ва мураккаб углеводларга бой озуқалар тановул қилиш керак», – деди Абдураҳмонов «Тез ёрдам» кўрсатувининг 3 августдаги сонида.

Кардиохирург юрак учун жисмоний фаолликнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

«Юрак бу – мушак. Қўл мушаклари бақувват бўлиши учун машқ қилинганидек, юрак учун ҳам машқ керак. Югуринг, ҳаракатланинг, югуришга имкон бўлмаса, кўпроқ пиёда юринг, машинадан камроқ фойдаланинг. Ортиқса вазн билан ҳам курашиш керак.

Юрак учун ўрик шарбатини ичса бўлади, лекин у касалликка даво эмас. Юрак учун калий фойдали, аммо калий сақловчи препаратларини организмда калий миқдорини назорат қилган ҳолда қабул қилиш мумкин», – деди Абдусалом Абдураҳмонов.

Мавзуга оид