Ўзбекистон | 15:42 / 04.08.2020
25157
2 дақиқада ўқилади

Юрак касаллиги бўлганлар Covid-19’га чалинганда нималарга эътибор бериши керак? Мутахассис тавсиялари

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази кардиохирургия бўлими мудири Абдусалом Абдураҳмонов юрак-қон томир касалликлари мавжуд бўлган беморлар Covid-19’да нималарга эътибор қаратиши кераклиги ҳақида маълумот берди.

«Коронавирус инфекцияси қон томирларининг ички қаватини шикастлайди. Шунинг учун бу инфекцияда хавф гуруҳига юрак-қон томир хасталиклари – юрак ишемик хасталиги, қандли диабет, гипертония, метаболик синдроми бўлганлар киради. Чунки уларда аввалдан қон томирларда ўзгаришлар бўлади, коронавирус таъсирида бу чуқурлашиши ва хавфли асоратларга олиб келиши мумкин. Уларда пневмонит ҳам оғир кечади.

Бу беморларда коронавирус кузатилганда дарҳол шифохонага ётқизиш тавсия этилади. Чунки касаллик тўсатдан авж олиб, хавфли асоратларни чақириши мумкин», деди мутахассис «Тез ёрдам» кўрсатувида.

Кардиолог юрак касалликлари бўлган беморлар Covid-19’да қабул қилиши керак бўлган дорилар гуруҳини санаб ўтди.

«Юрак касалликлари бўлган беморлар коронавирус муолажаларини қабул қилиш билан бирга кардиологик дориларини ичишда ҳам давом этишлари керак.

Юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларни Covid-19’дан даволашда антикоагулянт ва антиагрегант дорилар қўлланиши керак. Аниткоагулянтлар вена томирларидан тромблар ҳосил бўлишига йўл қўймайди, улар беморнинг вазнига қараб белгиланади.

Антиагрегантлар одатда Covid-19’да ишлатилмайди, фақатгина юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга буюрилиши керак. Антиагрегантлар артериал қон томирларида тромбоцитларнинг ёпишишини камайтирувчи таъсир кўрсатади», деди у.

 

Мавзуга оид