Жаҳон | 22:14 / 05.08.2020
28965
2 дақиқада ўқилади

Байрутдаги портлаш вақтида круиз лайнери чўкиб кетди 

Байрут портидаги портлашдан кейин соҳил яқинида турган Orient Queen круиз лайнери чўкиб кетди.     

Лайнер Ливанннинг Abou Merhi Group компаниясига тегишли бўлган. Бу ҳақда OTV телеканали хабар берди.  

Воқеа оқибатида кема экипажининг 2 нафар аъзоси ҳалок бўлган, 7 нафари жароҳат олган.

Лайнер эгасининг маълум қилишича, кема Байрут портида турган. Портлаш натижасида унга жиддий шикаст етган ва трюмига сув тўла бошлаган. Лайнерни тезкорлик билан таъмирлаш ва асраб қолиш бўйича уринишлар бесамар кетган ва у порт акваториясида чўкиб кетган.

Таъкидланишича, Orient Queen 121 метр узунликка, 7,4 тонна сув сиғимига эга бўлган ва 1989 йилда қурилган. 

Ливан пойтахти Байрутда 4 август куни иккита портлаш юз берди. Портлашлар оқибатида 100дан ошиқ киши ҳалок бўлган, 4 мингдан ортиқ киши жароҳатланган, шаҳардаги бир неча квартал бутунлай вайрон бўлган. Ҳукумат берган баёнотга кўра, шаҳарнинг порт ҳудудида сақланган нитрат аммонийнинг (аммиак селитраси) катта партияси портлаган, бу моддалар кўп вақтдан буён тегишли хавфсизлик чоралари кўрилмаган ҳолда сақланган.

Мавзуга оид