Жаҳон | 09:25
1396
2 дақиқада ўқилади

Монакодаги портлашда украиналик миллионер жабрланди

Монакода турар жой биноларидан бирида содир бўлган кучли портлаш оқибатида уч киши жабрланди. Франциянинг AFP агентлиги маълум қилишича, жабрланганлар орасида Монакода яшовчи украиналик миллионер Вадим Ермолаев ҳам бор. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

Фото: AP

29 июн куни кечқурун Монте-Карлодаги Плас-де-Мулен майдони яқинида жойлашган турар жой биноларидан бирида портловчи мослама ишга тушган. Монако ҳокимияти маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида икки нафар катта ёшли инсон ҳаёти учун хавфли даражада жароҳат олган, 13 ёшли ўсмир эса енгил тан жароҳати билан қутулган.

Барча жабрланувчилар воқеа жойидан тахминан 20 километр узоқликда жойлашган Франциянинг Ницца шаҳридаги шифохоналарга олиб борилган.

AFP агентлигининг тергов органларидаги манбаси жабрланганлардан бири Монакода истиқомат қилувчи украиналик тадбиркор Вадим Ермолаев эканини билдирган. Украина оммавий ахборот воситалари ҳам ўз манбаларига таяниб шу ҳақда хабар бермоқда. Бироқ Монако расмийлари ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқламаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, кузатув камералари номаълум шахс турар жой биноси вестибюлига портловчи мослама жойлаштирилган сумка ёки қутини қолдирганини қайд этган. Тахминларга кўра, қурилма болт ва майда металл бўлаклари билан тўлдирилган бўлган. Шундан сўнг гумонланувчи пиёда Франция томон қочиб кетган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Монакодан чиқиш йўлларини вақтинча ёпган.

Портлаш сабаби ва унинг ортида ким тургани ҳозирча номаълум. Князлик ҳукумати раҳбари Кристоф Мирман дастлаб воқеани эҳтимолий террорчилик ҳаракати деб атаган бўлса, кейинроқ бу таърифни “қасддан амалга оширилган портлаш” деб ўзгартирди. Унинг сўзларига кўра, бу Монако тарихидаги биринчи шундай ҳодиса ҳисобланади.

Қутқарув ишларига 50 нафарга яқин ёнғин хавфсизлиги ходими ва 80 нафардан ортиқ хавфсизлик хизмати вакиллари жалб қилинган. Терговнинг дастлабки натижалари 30 июн куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Маълумот учун, Forbes Украина нашри 2021 йилда Вадим Ермолаевни мамлакатнинг энг бой 100 кишиси қаторига киритиб, унинг бойлигини 220 миллион долларга баҳолаган. У 2019 йилда Украина фуқаролигидан воз кечиб, Кипр фуқаролигини олган. 2023 йилда эса Киев унга нисбатан шахсий санкциялар жорий этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид