Ўзбекистон | 19:50 / 05.08.2020
13424
3 дақиқада ўқилади

«Тест натижасига қараш йўқ. Клиник аломатлар борми, бемор даволанишга муҳтож» - Мутахассис

АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан коронавирус билан боғлиқ бугунги вазият ва даволашнинг янги стратегияси бўйича маълумот берилди.

Тадбирда ҳозир коронавирус билан параллел равишда пневмония ҳам ривожланаётгани, пневмония коронавирус билан бирга кўрилиши, ташхисланиши кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берилди.

«Томоқ оғриғи, иситма каби клиник аломатлар бўлса, ана шу белгилар биргаликда кечса, улар ўзининг яшаш жойлари бўйича поликлиникаларига мурожаат қилиб, Covid-19’га текширилиши керак.

Нима учун? Баъзи инсонларда оғиз, бурундан олинадиган ПЗР таҳлили бир неча кундан кейин олинган бўлса, вирус чиқмаслиги ҳам мумкин. Лекин вирус ўпка тўқимасига ўтган бўлиши ҳам мумкин.

Бу зотилжам деб айтиляпти, лекин буни тўғри тушунтириш керак. Бу аввалгидагидек зотилжам эмас. Бу ўпка тўқимасининг орасидаги бириктирувчи тўқима, қон-томирдаги эндотелий қаватининг зарарланиши.

Пульмонологлар зотилжамни аскультация қилганда эшитадиган бўлса, бу касалликда фонендоскоп орқали эшита олмаймиз. Шунинг учун бундай ҳолларда рақамли рентген ускуналаридан фойдаланамиз. Агар имконият бўлса, мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ) қилиниши керак. Ҳансираш, йўтал, кўкрак қафасида қисишлар пайдо бўлса, иситма чиқиши ва 3-4 кун кўпроқ давом этишида яшаш жойи бўйича оилавий поликлиникага мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Умумий амалиёт шифокори ўзи кўриб, тавсия бериши керак», деди Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Парпиева.

Ушбу савол юзасидан Коронавирусга қарши курашиш штабининг яна бир аъзоси Лазиз Тўйчиев ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Мисол учун, бемор ўзини ёмон ҳис қилди, нафаси сиқа бошлади, зотилжам аломатлари бор. Шундай ҳолатда махсус тест натижасини кутади.

Натижа манфий бўлса, тушунарсиз ҳолат юзага келади: бу Covid-19’ми ёки йўқми? Мана шундай ҳолатларда янги чиққан қўлланмамизда шарт қўйилмаган, таҳлил топшириб, унинг натижаси бўйича Covid-19 аниқланганда деган сўзларни умуман олиб ташладик. Агар беморда клиник аломатлар бўлса, биринчи навбатда ана шу клиник аломатларнинг Covid-19’га тўғри келмаслигини ҳисобга оламиз, иккинчи навбатда касалликнинг оғирлигини белгилаймиз. Шундан кейин амбулатор шароитда уйда ёки поликлиника ёки стационарда даво муолажаларини бошлаймиз. Мусбат ёки манфий натижага қараш йўқ. Клиник аломатлар борми, демак у бемор даволашга муҳтож», - деди Лазиз Тўйчиев.

Мавзуга оид