Light | 21:57 / 06.08.2020
172532
5 дақиқада ўқилади

Касб танлашда нималарга эътибор қаратиш керак?

Касб танлаш – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг муҳим танловлардан бири. Касб – нафақат даромад топиш манбайи, балки умрнинг асосий қисми сарфланадиган фаолият ҳамдир.

Психологлар бундай масъулиятли қарор қабул қилишда фақатгина атрофдагиларнинг тавсиясига таяниш эмас, таҳлилнинг бошқа муқобил вариантларини ҳам қўллашни таклиф қилишади.

Касбга йўналтириш психологияси бўйича мутахассис Азизхон Баҳодиров бу борадаги тавсиялари билан бўлишди.

Психологик тестлар

Ўзингизда қайси касбга мойиллик ва қизиқиш юқори эканини психологик тестлар орқали бирламчи босқичда аниқлаб олишингиз мумкин. Фақатгина бунда онлайн платформаларда дуч келган тестга эмас, соҳа мутахассислари ишлаб чиққан профессионал тестларга таяниш керак.

Шуни эсда тутиш керакки, тест натижаларига «ҳукм» деб қараш керак эмас. Улар фақатгина мойиллик йўналишини белгилаб беради.

Билимларингизни кенгайтиринг

Турли касбий йўналишлар, истиқболли соҳа ва мутахассисликлар тўғрисида билимларни мустаҳкамлаш керак.

Ҳар йили ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича китоблар нашр қилиб борилади. Уларда ҳаттоки мактаб ўқувчиларига таниш бўлмаган касблар билан ҳам танишиш мумкин. Эҳтимол, улардан бири сизнинг танловингиз бўлиши мумкин.

Касблар билан яхшироқ танишиб чиқинг

Мактабни битириш арафасида ўспирин кўпинча касблар ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлади. Улар танлаган касбларининг фақат ижобий ёки аксинча салбий жиҳатларини кўришади. Бунда ота-оналар фарзандларига кўп нарсаларни аниқлаштиришда ёрдам беришлари керак.

9-синфдан бошлаб аста-секин ўзингиз танлаган йўналиш билан танишиш мақсадида институт ва университетлардаги «Очиқ эшиклар» кунларида иштирок этиш мақсадга мувофиқ.

Истакларни тизимлаштиринг

Қоғоз олинг. Ўзингизни қизиқтираётган касбларни вертикал равишда ва танланажак касбдан нимани исташингизни горизонтал равишда жойлаштириб чиқинг. Жадвални иложи борича батафсил тўлдириш керак. Танланган касб соҳаси ва киши ундан нималарни кутаётгани бир-бирига мос келса, «+», мос бўлмаса «-» ишораларини қўйишингиз лозим. Бу ўз истакларини аниқлаштиришга ёрдам беради ва шу истакка мос касб ҳақидаги тасаввурни аниқлаштиради.

Амалиёт

Қайси касбни танлаш ҳақида бир қарорга келдингиз, дейлик. Энди ўзингизни шу йўналишда синаб кўриш керак. Бунинг учун турли ўқув-гуруҳлари бўлган кўплаб ихтисослашган мактаблар ва курслар мавжуд бўлиб, улар транспорт воситалари механикасидан тортиб, тадбиркорликкача ўзингизни синаб кўриш имкониятини беради.

Захира аэродроми

Асосий танловдан ташқари, қўшимча равишда эътиборга олинувчи «захира» танлов ҳам бўлиши керак. Чунки ҳаётни олдиндан прогнозлаштириб бўлмайди, унда ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин.

Танланган йўналиш бўйича ўқишга кира олмай қолган тақдирда тушкунликка тушмаслик, бошқа оптимал вариантларни ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Қарор фақат мустақил қабул қилинади

Ота-она томонидан бериладиган маслаҳатлар фойдали, лекин улар якуний қарор бўлмаслиги, ёрдамчи таъсирга эга бўлиши мақсадга мувофиқ.

Ёки она/ота ўз ёшлигида эгаллай олмаган, армон бўлиб қолган касбга фарзандини йўналтириши ҳам нотўғри. Фарзанд – алоҳида шахс ва унинг ўз истаклари бор. Бу истаклар аввалроқ армон бўлган хоҳишлар учун қурбон бўлмаслиги керак.

Оилавий анъаналарни давом эттириш мажбурий эмас

Фарзанд онаси ёки отасининг касбини давом эттирмоқчи бўлса, бу жуда яхши. Лекин бунга уни мажбурлаш нотўғри. Отанинг шу касбда ўз бахти ва муваффақиятини топгани ўғилда ҳам худди шу сценарий такрорланади дегани эмас.

Инсон ёқтирмаган иши билан бутун ҳаёт давомида шуғулланса, ўзини бахтсиз ҳис қилади.

Умумий хулоса қиладиган бўлсак:

– Сизни яқиндан билувчи инсонлар – оила аъзоларингиз, дўстларингиз билан маслаҳатлашган ҳолда, ўзингизга қайси касб кўпроқ мос келиши ҳақида сўраб олишингиз мумкин.

– Оммавий ахборот воситалари янги касб соҳалари ҳақида кўпроқ маълумот олишга ёрдам беради. Махсус манбалар (адабиётлар, онлайн платформалар) талаб юқори бўлган йўналишлар ҳақида маълумотлар беради.

– Истакларингиз ва ҳаётдаги мақсадларингиздан келиб чиқинг.

– Тўплаган маълумотларингизни чуқур таҳлил қилинг. «Ҳаётда менга нима керак?» деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилинг.

– Имконият бўлса, касб танлаш бўйича малакали мутахассис билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.

Мавзуга оид