Олий таълим муассасаларига қабул бошланмоқда. Бу йил ҳам 1 миллиондан ошиқ абитуриент ҳужжат топшириши прогноз қилинган. Улар фанлари мос келадиган 5 та йўналишни танлаш имконига эга. 5 та йўналиш – 5 хил касб бўлиши ҳам мумкин. Танланадиган касб эса келажак учун муҳим қарор ҳисобланади.
Инсон ҳаётининг ўртача учдан бир қисми ишда ўтади. Яъни келажакда қайси соҳада ва ким бўлиб ишлаш умримизнинг асосий қисмидан бирини ташкил қилади. Шу сабабли ҳам инсоннинг келажак касбини тўғри танлаши муҳим аҳамиятга эга.
Касб танлашда нималарга аҳамият бериш кераклиги, ота-оналарнинг фарзанди танловига ҳурмат билан қараши лозимлиги, келажак соҳасини танлаётганда атроф-муҳит инсонга қай даражада таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида психолог Розалия Габдулҳақова билан суҳбатлашдик.
Ойлик маош ва обрў
— Касб танлаш – инсон учун худди жуфт танлаш каби муҳим қарор. Касб фақат пул топиш ёки вақт ўтказиш учун эмас, жамиятга хизмат қилиш, фойдали ишлар қилиш учун ҳам танланади.
Одамларнинг нотўғри касб танлашига касблар ҳақида етарли билимга эга бўлмаслик ҳам сабаб бўлади. Бизнинг жамиятда ота-оналар болалари учун танлов қиладиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда уларнинг замонавий касблардан бехабарлиги нотўғри танловга сабаб бўлади.
Абитуриентлар ОТМларга ҳужжат топшириш бошланадиган вақтда муҳим танлов қаршисида қолади. Боиси Ўзбекистонда ОТМга кириш қийин, танлов юқори. Ўзи хоҳлаган касбга ҳужжат топширай деса, ўқишга кира олмасликдан, кира олмаса – бошқалар олдида мулзам бўлишдан қўрқади. Бу эса уларнинг ўқишга кириш учунгина касб танлаб қўйишларига сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, касб танлашда ойлик маош ва шу соҳанинг жамиятдаги обрўсига ҳам алоҳида этибор берилади. Бироқ тушуниш керакки, қанча ойлик маош олиш ҳозир соҳадан кўра инсоннинг потенциалига, эгаллаган билимига кўпроқ боғлиқ бўлмоқда.

“Бола туғилганданоқ касбини танлаб қўйишади...”
— Баъзи ота-оналар туғилажак боласига ҳам олдиндан касб танлаб қўйишади, баъзилар эса ўсмир боласи учун танлов қилишади.
Лекин ота-она танлаган касб айни даврда актуал бўлмаслиги, боланинг бу касбга қобилияти бўлмаслиги мумкин. Ота-оналар ўзлари хоҳлаган касб учун боласидаги маълум қобилиятларини ривожлантиришга ҳаракат қилишади. Бунда боланинг асл қобилиятлари эса ривожланмай қолиши ва мажбуран бошқа иқтидори устида ишланиши мумкин. Бу эса ҳар доим ҳам омадли бўлавермайди. Бола ота-она хоҳлаган соҳага ҳам қобилиятсиз, ўзининг ҳақиқий потенциали ҳам ривожланмай қолиши эҳтимоли бор.















