Ўзбекистон | 20:23 / 06.08.2020
4319
2 дақиқада ўқилади

«Масофавий таълимда ота-оналарнинг роли айниқса муҳим» — халқаро эксперт

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг 30 фоизида интернетдан фойдаланиш имкони бор, деб маълум қилди Халқ таълими вазирининг маслаҳатчиси Джон Тулли.

Бугун, 6 август куни Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида таълим масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Конференцияда қатнашган халқ таълими вазири маслаҳатчиси, халқаро таълим эксперти Джон Туллининг сўзларига кўра, болалар қайси восита орқали масофавий таълим олишидан қатъи назар, уларни таълим олишларига уйдаги муҳит – ота-она рағбатлантириб туриши керак.

«Масофавий таълимда ота-оналар роли муҳим эканини унутмаслик керак. Сабаби масофавий дарс тугагандан сўнг ўқитувчи эмас, ота-оналар болаларининг ёнида бўлади. Болалар ўзлаштиришида муаммо бўлмаслиги учун уларнинг ёрдами катта аҳамиятга эга», – деди Джон Тулли.

Джон Тулли Халқ таълими вазирининг маслаҳатчиси

Унинг қайд этишича, масофавий таълимнинг техник жиҳатлари билан бирга, таълим сифати ҳам бирдек муҳим. Хусусан, видеодарслар сифати, уларда қўлланаётган методлар, дарс жадваллари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

«Асосий тамойил – бола қаерда бўлишидан қатъи назар, у таълим олиш имконига эга бўлиш керак. Мисол сифатида Чили тажрибасига тўхталиш мумкин. Бу давлатда ҳамма болаларни таълим билан қамраб олиш учун телевизион ва радио дастурларидан фойдаланилган.

Худди Ўзбекистон сингари Чилида ҳам фақат 30 фоиз ўқувчиларнинг интернетдан фойдаланишга имкони бор. Ўхшаш тарзда Ўзбекистон бу шароитда телевизион дарслардан, Чили эса радио эшиттиришлардан кенг фойдаланди», – деди Ўзбекистон халқ таълими вазири маслаҳатчиси.

Мавзуга оид