Жаҳон | 20:19 / 07.08.2020
12719
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бутун Хитой интернетига тақиқ қўймоқчи

Майк Помпео Хитой билан виртуал алоқаларни буткул тўхтатиш кўзда тутилган беш йўналиш ҳақида маълумот берди.

Фото: iStock

АҚШ давлат котиби Майк Помпео мамлакатда Хитой интернетига киришга тўсиқ қўйиш кўзда тутилган «Тоза тармоқ» («Clear Network») ташаббуси билан таништирди, деб ёзади BI.

Помпео ушбу ташаббус доирасидаги беш йўналиш ҳақида маълумот берган.

Биринчи йўналишга кўра, «Хитойнинг ишончсиз операторлари» АҚШ телекоммуникация тармоқларига уланишига йўл қўйилмайди. Бу компаниялар миллий хавфсизликка таҳдид солади ва АҚШ фуқароларига хизмат кўрсатмаслиги керак.

Иккинчидан, Apple App Store ва Google Play Store дўконларида тозалов ўтказилиб, ишончсиз иловалар ўчирилади.

Учинчидан, америкалик дастурчиларнинг ўз иловаларини Хитой телефонларига ўрнатишига йўл қўйилмайди.

Тўртинчидан, америкаликлар ўз маълумотларини Хитойнинг булутли сервисларида сақламайди.

Бешинчидан, Американинг сувости коммуникация кабеллари Хитойнинг тажовузидан ҳимоя қилинади. Ўн минглаб километр узунликдаги кабеллар океан тубидан ўтганлиги ҳисобга олинса, бу қандай тарзда амалга оширилишини тасаввур қилиш қийин.

«Clear Network» доирасидаги чораларни амалга ошириш мақсадида АҚШ президенти Дональд Трамп TitTok видеосервиси эгаси ByteDance компанияси ҳамда WeChat мессенжери эгаси Tencent компаниялари билан ҳар қандай шартномалар тузишни тақиқлаш кўзда тутилган фармонни имзолади. Ушбу фармон кучга кирганидан кейин TikTok ёки WeChat билан ҳамкорлик қилган компаниялар жаримага тортилади.

Мавзуга оид