Жаҳон | 19:57 / 07.08.2020
13387
2 дақиқада ўқилади

Байрутдаги портлашга бомба ёки ракета зарбаси сабаб бўлганлиги тахмин қилинмоқда

 Ливан президенти Мишел Аун Франция президентидан ҳавода самолёт ёки ракета бўлганлигини аниқлаш учун аэрофотосуратларни тақдим этишни сўраган.

Фото: Marwan Tahtah / Getty Images

Ливанда Байрут портидаги портлаш бўйича учта тахмин ўрганилмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Мишель Аун маълум қилди.

 Ауннинг қайд этишича, портлашнинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмаган, аммо тахминлардан бирига кўра, «ташқаридан аралашув эҳтимоли мавжуд». Унинг сўзларига кўра, Байрутдаги портлаш бомба ёки ракета зарбаси натижаси бўлиши ҳам мумкин.

«Мен Франция президентидан ҳавода самолёт ёки ракета бўлганлигини аниқлаш учун аэрофотосуратларни тақдим этишни шахсан сўрадим», — деди Аун.

Унинг қўшимча қилишича, агарда Франция томони суратларни тақдим эта олмаса, Ливан ҳукумати ёрдам сўраб бошқа мамлакатларга мурожаат қилади.

 Президентнинг қайд этишича, портлаш шунингдек, эътиборсизлик ёки бахтсиз ҳодиса натижасида юз берганлиги тахмин қилинмоқда. 

 Байрут портидаги кучли портлаш 4 август куни содир бўлди. Натижада, шаҳарга жуда катта зарар етди, 5 мингдан ортиқ одам жабрланди, 300 мингдан ортиғи уйларидан маҳрум бўлди, 130дан ортиғининг жасади топилди.

Ливан кучишлатар идоралари маълумотига кўра, денгиз портидаги омборда сақланаётган 2,75 минг тонна селитра ёнида пайвандлаш ишларини бажаришда хавфсизлик техникаси бузилгани сабабли портлаш содир бўлган.

Мавзуга оид