Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия қандай шартларда ядро қуроли қўллаши маълум қилинди
Россия қуролли кучлари бош штабида Россия қандай шартларда ядро қуроли қўллаши мумкинлиги ошкор қилинди. Таъкидланишича, ядро қуроли ҳар қандай ракета ҳужумида қўлланади. Бу ҳақда бош штаб бош тезкор бошқармаси бошлиғи генерал-майор Андрей Стерлин ва Бош штаб Ҳарбий академияси ҳарбий-стратегик тадқиқотлар маркази етакчи илмий ходими Александр Хряпин “Красная звезда” нашри учун ёзган мақолаларида маълум қилишди.
“Ядро қуроли қўлланишининг биринчи шарти Россия ёки унинг иттифоқдошлари ҳудудига ҳужум қилувчи баллистик ракеталар старти ҳақида ишончли маълумот олиниши билан боғланган. Баллистик ракета учирилгани ракета ҳужумидан огоҳлантириш тизими томонидан қайд қилинади. Бунда ракетанинг ядро ёки ноядро эканини аниқлашнинг имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳар қандай ракета ядро зарядига эга ракета сифатида қабул қилинади”, дейилган мақолада.
Сўнгра Россиянинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ракета учирилгани ҳақида автоматик равишда маълумот олади ва жавоб ҳаракатлари кўламини белгилайди. Бош штабда таъкидланишича, Россияга қарши тажовуздан мақсад уни давлат сифатида йўқ қилишдан иборат бўлиши мумкин. “Агар душман зарба беришга қарор қилса, унда жавоб, шубҳасиз, вайронкор бўлади”, дейилган мақолада.
Мақолада айтилишича, Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш шартномаси (СНВ-3) амал қилишининг тўхташи АҚШга ўз жанговар имкониятларини назоратсиз кўпайтиришга имкон беради ва дунёни ядро фалокати ёқасига келтиради.
Ҳарбийларнинг таъкидлашича, муддати 2021 йил февралда тугайдиган СНВ-3 тўхтатилса, дунёда вазият кескинлашади. Бироқ АҚШ шартномани узайтириш борасида ўз қарорини маълум қилмаяпти.
“Таъкидлаб ўтамиз, бу жуда хавфли йўлдир, чунки дунё ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги каби ядро фалокати ёқасига келиб қолади”, дейилган мақолада.
Шу билан бирга бош штабда таъкидланишича, Россиянинг ядро сиёсати “фақатгина мудофаа характерига” эга.
Россия томонидан ядро қуроли қўлланиши шартлари 2014 йилда янгиланган Ҳарбий доктринанинг 27-бандида баён қилинган.