Самарқандда Россия армиясига ёлланган йигитга суд ҳукми ўқилди. Йигит суддаги кўрсатмасида бошидан кечирганларни айтиб берди. Унинг ҳикояси шу турдаги ишлардан бироз фарқ қилади.
Россия сари йўл
2003 йилда туғилган Достон (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) Ургут туманида улғайган. Оиладаги иқтисодий етишмовчилик сабабли у ва акаси ишлаб пул топиш мақсадида Россияга қатнаб юрган.
2025 йил март ойида акаси, 9 июл куни эса Достон ишлаш мақсадида Москвага жўнаб кетган. У ўшанда орадан кўп ўтмай бошига қандай кунлар тушишини тасаввур ҳам қилмаганди.
Достон Москвага етиб бориб, кунлик 3 300 рубл ҳақ эвазига плита заводида ишлай бошлайди. Орадан бир ой ўтиб, 13 август куни унинг ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа содир бўлади.
“Патент тайёрлаб беради”
Достон ўша куни таксида ишдан қайтаётганди. Йўлда миграция ходимлари машинани тўхтатиб, патент сўрашади. Достон уларга фуқаролик паспорти ва вақтинчалик рўйхатга қўйилгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим қилади. Сўнгра рус тилини билмагани сабабли киракашнинг ёрдами билан пули бўлмагани учун патент олишга улгурмаганини, лекин тез кунларда расмийлаштириб олишини тушунтиради.
Шундан сўнг миграция ходимлари Достоннинг телефонини олиб, кимгадир қўнғироқ қилишади. Сўнгра Достонга “Шу жойга борасан, патент тайёрлаб беради”, дея манзил айтишади.
Достон ижарада яшаётган уйига келиб, патент тўлови учун тўплаб қўйган 35 минг рубл пулни олади ва айтилган манзилга боради. Уни рус миллатига мансуб икки аёл кутиб олади. Достон улар билан “google переводчик” орқали гаплашади. Аёллар унга рус тилида ёзилган ҳужжатни бериб, бўш жойларга исмини ёзишни ҳамда имзо қўйиб беришни сўрашади.
“Ўша вақтда бу ҳужжатлар Россия қуролли кучлари сафига ҳарбий хизматга кириш ҳақидаги шартнома эканини билмагандим. Улар бўш қоғозга ёзиб берган жумлаларни бир амаллаб кўчириб, имзо қўйдим. Кейин мени банкка олиб боришди ва номимга пластик карта очишди. Сўнгра ички ишлар идорасига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказишди. У ердаги шахсларнинг барчаси рус миллатига мансуб бўлгани учун нима бўлаётганини англаб етмасдан, шу аёлларга эргашиб юравердим”, деган Достон ўз кўрсатмасида.
Локация
2025 йил 14 август куни у билан яна 24 кишини автобусга миндириб, Воронеж шаҳрида атрофи тиканли сим-тўсиқ билан ўралган жойга олиб боришади. Достон шунда аслида нима бўлганини тушуниб етади. Уни тахминан 100 нафарга яқин турли мамлакатлардан келган аскарларга қўшиб қўйишади. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлган.















