Жаҳон | 21:27 / 07.08.2020
4545
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Беларусни президентлик сайловларини эркин ва ҳаққоний ўтказишга чақирди. Кузатувчилар шу пайтгача минглаб қонунбузарликларни қайд этишган

Фото: Tut.by

Евроиттифоқ Беларусь ҳукуматини мухолифатга босим қилишни тўхтатиш ҳамда президентлик сайловларини эркин ва ҳаққоний ўтказишга чақирмоқда. Бу ҳақда ЕИ ташқи алоқалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррелнинг баёнотида сўз боради.

Боррелнинг таъкидлашича, жорий сайлов кампанияси давомида Беларусь халқи демократия ва эркин сайловларга эришиш учун «мисли кўрилмаган сиёсий сафарбарлик»ни намойиш этди. Ҳукумат бунга жавобан матбуот эркинлигини чеклаб, тинч намойишчилар, журналистлар ва сайлов кузатувчиларини ҳибсга олди.

«Европа Иттифоқи Беларусь ҳукуматини президентликка номзодларнинг барча сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишни кафолатлашга, келгусида ҳибсга олишлар, тинч намойишчилар, кузатувчилар, номзодлар ва уларнинг жамоа аъзоларига қарши куч ишлатишдан тийилишга, сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олинган барча фаолларни, ҳуқуқ ҳимоячилари, блогерлар ва журналистларни зудлик билан озод қилишга чақирмоқда», дея Боррелнинг сўзларини келтирмоқда Meduza.

4 август куни бошланган президент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни 8 августгача давом этади. 9 август – овоз бериш жараёнининг асосий куни. Мустақил кузатувчилар аллақачон минглаб сайловлардаги қонунбузарликлар ҳақида хабар беришган.

Беларусда 2020 йилги сайлов кампанияси даврида амалдаги президентнинг сиёсий мухолифларини ҳибсга олиши, турли шаҳарларда ўтказилган минглаб норозилик намойишлари, президентликка номзодлар ва мустақил кузатувчиларнинг фаолияти чекланиши билан эсда қолди.

Мавзуга оид