Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Статистика қўмитаси маданият муассасаларининг асосий кўрсаткичларини эълон қилди
Мамлакатда 2019 йилда жами музейлар сони 100 тани ташкил этган. Шундан, музей филиаллари сони 44 тага тенг. Музейларга ташриф буюрувчилар сони эса 7,7 млн кишидан иборат бўлиб, улардан ўқувчи ва талабалар улуши 45,0 фоизни ташкил этган.
Давстатқўм хабарига кўра, бугунги кунда республика музейларида турли хилдаги буюмлар ва экспонатлар мавжуд бўлиб, 2019 йилда музейлардаги жами асосий фонд экспонатлари сони 2 млн.ни ташкил этган. Ноёб экспонатлар сони эса 122,9 мингтага тенг. Музей экспонатларининг 24,6 мингтаси рассомлик, 56,0 мингтаси графика, 3,8 мингтаси ҳайкалтарошлик, 71,0 мингтаси амалий санъат, 288,1 мингтаси нумизматика, 336,8 мингтаси археология буюмлари ҳамда 250,1 мингтаси суратлар, 277,6 мингтаси ҳужжатлар ва 757,7 мингтаси бошқа экспонатлардан иборат.
2019 йилда республикадаги жами театрлар сони 50 тани ташкил этиб, бу кўрсаткич 2005 йилга нисбатан театрлар сони 9 тага ошганлигини кўрсатади. Унда намойиш этилган спектакллар (томошалар) эса 11 142 тадан иборат. Тақдим этилган спектаклларга ташриф буюрган томошабинлар сони 2,6 млн.ни ташкил этган.
Театрлар сони ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (18 та театр) улушига тўғри келмоқда. Кейинги ўринларда Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 5 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида 4 тадан, Андижон вилоятида 3 та, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 2 тадан ҳамда Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 1 тадан театр мавжуд. Театрларга ташриф буюрган томошабинлар улуши ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, Тошкент шаҳри (854,7 минг нафар), Самарқанд (262,3 минг нафар), Хоразм (208,0 минг нафар) вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси (202,2 минг нафар) етакчи ўринни эгаллайди.
Республикадаги мавжуд жами 50 та театрлар жанри бўйича тақсимланганида, драма театри 25 тани ташкил этиб, театрлар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, мусиқали театр – 7 та, болалар учун қўғирчоқ театри – 7 та, қўғирчоқ театри – 6 та, ёш томошабинлар театри – 4 та ва 1 та опера ва балет театри мавжуд.
Мамлакатда 2019 йилда жами фаолият кўрсатаётган концерт ташкилотлари сони 72 та. Концерт ташкилотлари томонидан амалга оширилган концертлар сони 2018 йилда 2834 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб эса концертлар сони 29,8 фоиз (3681 та)га ошган. Шунингдек, тингловчилар сони 2019 йилда жами 2,8 млн.га тенг бўлган.
2019 йилда жами 72 та концерт ташкилотларининг фаолият турлари бўйича тақсимланганида, гастроль-концерт ташкилотлари – 42 тани, мустақил жамоалар – 16 тани, филармония – 10 тани ҳамда концерт заллари – 4 тани ташкил этган.
Ўзбекистон Республикасида цирк Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини олиб боради. 2019 йилда циркдаги намойишлар сони 427 тани ташкил этган. Намойишларда иштирок этган томошабинлар сони эса 160,0 минг кишини ташкил этган. Штатдаги артист ходимлар сони жами 175 нафарга тенг бўлиб, умумий сонига нисбатан артист аёллар улуши (81 нафар) 46,3 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасида жами 3 та ҳайвонот боғи мавжуд бўлиб, улар ўз фаолиятларини Тошкент шаҳри, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида олиб бормоқда.
2019 йилда республика бўйича барча ҳайвонот боғларига жами 940,4 минг киши ташриф буюриб, улардан 439,7 минг нафари болаларни ташкил этган. Ҳайвонот боғларига ташриф буюрувчилар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, Тошкент шаҳри бўйича 656,9 минг киши (жамига нисбатан 69,8 фоиз) ташриф буюриб, шундан 225,1 минг нафари болаларни ташкил этган. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги ҳайвонот боғига 107,3 минг киши (жамига нисбатан 11,5 фоиз) ташриф буюриб, улардан 82,4 минг нафари болалардан иборат. Фарғона вилояти бўйича ташриф буюрганлар 176,2 минг кишидан (жамига нисбатан 18,7 фоиз) иборат бўлиб, улардан 132,2 минг нафари болаларни ташкил этган.