Таълим | 09:49
451
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда талабалар сони 1,5 миллиондан ошди

2025-2026 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етди. Бу мамлакат олий таълим тизими тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, бир йил ичида талабалар сони 102 минг нафардан зиёдга ошган.

Фото: ТАҚУ

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий ўқув йили бошида олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар сони ўтган ўқув йилига нисбатан 102,2 минг нафарга ёки 7,1 фоизга кўпайган.

Жами талабаларнинг 782,9 минг нафарини аёллар, 752,1 минг нафарини эса эркаклар ташкил этган. Шу тариқа, олий таълимда аёллар улуши эркакларга нисбатан юқорироқ бўлиб қолмоқда.

Сўнгги йилларда талабалар сони изчил ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Хусусан, 2021-2022 ўқув йилида мамлакатда 808,4 минг нафар талаба таҳсил олган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида бу кўрсаткич 1 миллион 42,1 минг нафарга етган.

2023-2024 ўқув йилида талабалар сони 1 миллион 314,5 минг нафарни, 2024-2025 ўқув йилида эса 1 миллион 432,8 минг нафарни ташкил этган. Жорий ўқув йилида мазкур рақам илк бор 1,5 миллионлик маррадан ошди.

Мутахассислар бу ўсишни мамлакатда олий таълим қамровининг кенгайиши, янги университет ва филиаллар ташкил этилиши ҳамда қабул квоталарининг оширилиши билан изоҳламоқда.

Шунингдек, статистика маълумотлари олий таълим соҳасида аёллар фаоллиги ортиб бораётганини ҳам кўрсатмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид